preloder
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассомлик маҳорат устахоналари фаолият бошлайди

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахоналари (Рассомчилик олий курслари) ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу маҳорат устахоналарини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Ташкил этилаётган Маҳорат устахоналари олдига тасвирий ва амалий санъат соҳасида миллий меросни тиклашни тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли вазифалар қўйилди.

Бунинг учун аввало, тасвирий санъат соҳасида фаолият юритаётган ижодкорларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш ва яратилган асарларнинг талаб ва сифатини ошириш учун шароитлар яратишни тақозо этади.

Шунингдек, бадиий таълимда миллий ва академик анъаналарини сақлаган ҳолда, маҳорат устахоналарнинг илғор ўқитиш услублари ва тажрибаларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш муҳим омиллардан бири саналади.

Маҳорат устахоналарига шунингдек, тасвирий санъатнинг дастгоҳли ранг тасвир, графика, маҳобатли рангтасвир, миниатюра ва ҳайкалтарошлик каби йўналишларига ихтисослашган истеъдодли ёшларни саралаб олиш вазифаси юклатилган.

Таълим жараёнида чет эллардаги кўргазма ва музейларида сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ташкил этилади.

Маҳорат устахоналарининг яна бир асосий вазифаларидан бири, юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашишдан ҳам иборатдир.

Санъат — бу давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оладиган маънавий қадриятларнинг ажралмас тизими экан, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар даврида айниқса долзарб масалалардан биридир. Рассомлик маҳорат устахоналари ҳам ушбу эзгу мақсад йўлидаги фаолиятга ҳисса қўшиш учун жалб қилинган. Унинг олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш нафақат мамлакатнинг тарихий ва маданий меросини сақлашга ҳисса қўшади, балки аҳолининг барча қатламлари учун миллий ва жаҳон саъати асарларидан кенг фойдаланиш имкониятини очади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.