loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Қуёшга интилаётган кунгабоқар”

Қорақалпоқ тасвирий санъати ранглар жилокорлиги, жанрлар хилма-хиллиги ва чуқур фалсафий мушоҳадаларга чорловчи композицион ечимга бой асарлар билан танилган.

Жоллибай Изентаев, Базарбай Серекеев, Женис Лепесов, Барлиқбай Айтмуратов, Сарсенбай Байбосинов сингари рассомлар бугун қорақалпоқ тасвирий санъатида ўзига хос услубда ижод қилиб танилган ижодкорлар саналади. Уларнинг ижодиёти бугун ёш авлодга катта мактаб вазифасини ўтамоқда.

Қорақалпоғистон Халқ рассоми, академик Сарсенбай Байбосинов ана шундай серқирра ижодкорлардан бири. 1957 йили Қорақалпоғистон Республикаси, Хўжайли туманида туғилиб вояга етган Сарсенбай 1973 йилдан бошлаб, тасвирий санъат оламига кириб келади. Шу йиллар давомида рассом ижод оламига шўнғиб, маҳоратли ижодкорлар сафида турли халқаро ва республика танловларида иштирок этади. Узоқ йиллик меҳнатининг самарали натижаси ўлароқ, ижодкор 2002 йилда “Шуҳрат”, 2008 йили Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали, 2015 йилда эса Қорақалпоғистон халқ рассоми унвонларига сазовор бўлади. 2018 йилда Ўзбекистон Бадиий акадепмиясининг ҳақиқий аъзоси (академик) бўлди. 

Бугунги кунда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Қорақалпоғистон, Ўзбекистон, МДҲ давлатлари, Голландия, АҚШ, Австрия, Германия ва Япония ва бошқа давлатлардаги шахсий коллекцияларда Сарсенбай Байбосиновнинг асарлари ўрин олган

Сарсенбай Байбосинов репертуарида турли жанр ва тематик бой асарлар ўрин олган бўлиб, у ўз ижод йўлида XX аср модерн санъатини асарларга жо қилди. Абстракция, пуантализм, авангард усулида ижод намуналарини яратиб келмоқда.

Рассом ижодида натюрморт жанрида кунгабоқарлар мавзуси жуда гўзал ифода этилган. Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими кўргазмалар саройида бўлиб ўтган “Олтин куз” номли кўргазмада рассомнинг кунгабоқар мавзусига бағишланган 10 га яқин натюрморт жанридаги  рангтасвир асарлари санъат ихлосмандлари диққатига ҳавола этилди.

“Кунгабоқар билан наюрморт”, “Нок билан кунгабоқар натюрморти”, “Пишган кунгабоқар”, “Кунгабоқар”, “Ёлғиз”ва шу каби картиналар Сарсенбай Байбосиновнинг энг сара асарларидан.

Ижод оламида рассомлар ва шоирлар сўзлар ва ранглар орқали қуёшнинг гуллари кунгабоқарларни гўзал тасвирлаб келишади. Кунгабоқар ўсимлик бўлиб, у турли давлатларда ҳар хил маъноларни англатувчи тимсол сифатида улуғланади. Перуда қуёш худоси, Хитойда эса узоқ умр, омад ва бахт рамзидир. Ван Гогнинг “Кунгабоқар”и бугун дунёнинг энг ноёб асарлари қаторидан ўрин олган.

Сарсенбай Байбосинов ҳам кунгабоқардан рамзий тимсол сифатида фойдаланаркан, бу ҳақида ўзи шундай дейди: “Натюрмортми, портретми, пейзаж жанрими рассом ҳар бир картинага ижодий ёндаша олсагина ҳақиқий санъат асари яратилган бўлади. Олмани ўз ҳолича матога тушириш ҳеч кимни ажаблантирмайди, аксинча рассом олмани тасвирлашда ўз таассуротини рангларда ифодалаб бера олиши мана шу ҳақиқий санъат ҳисобланади. Тасвирлашда таассурот бирламчи вазифани ўтамоғи лозимдир. Менинг кунгабоқарларим ҳам ҳаёт ҳақидаги тасаввурларим самараси. Аслида мен абстаркт асарлар яратаман. Лекин мавҳумлик орқали инсонга ўз фикрингни баён эта олмайсан. Абстарктни ҳар ким ҳам тушуниб етавермайди. Натюрморт жанридаги картиналарим эса инсонга эстетик завқ улашибгина қолмасдан, айрим элементлардан рамзий тимсол сифатида фойдаланиб, фикрларимни ифодалайман”.

Рассомнинг рангтасвир асарларида тўйинган колорит тасвириётда таъсирчанликни ошириб, иссиқ рангларда кўз олдингизда жилваланади. “Кунгабоқар” натюрморти мисолида оладиган бўлсак, картинанинг асосий қаҳрамони кунгабоқар. Сариқ рангда қуёшдек порлаётган кунгабоқарлар мувафаққият, омад ҳақида сўзлайди. Ундан кейин туркий халқлар ҳунармандчилигида 2500 йиллик тарихга эга қуроқдан ишланган дастурхон тасвирланган бўлиб, рассом қуроқ тимсолида фикрини рамзий баён этган, дейишимиз мумкин.  Қуроқда қийқим матолардан турли геометрик шакллар олиниб, бир-бирига улоқ қилиб тикилади. Қуроқдан кўрпа, чойшаб, ёстиқ, дастурхон тикиш мумкин. Илгари кўчманчи халқлар қуроқлардан ўтовларни безаш учун ҳам фойдаланганлар. Қуроқ рассом наздида, янги ҳаёт, давомийлик тимсоли. Рассом инсоннинг туғилиши унинг омади ва ҳаёт давомий эканлигини мазкур асарида сўзлайди.

Сарсенбай Байбосиновнинг айтишича, асарларидаги кунгабоқар илоҳиётга ишора. Кунгабоқар қуёшга қараб ўсади, у кундузлари қуёш, тунлари эса ой билан сирлашади. “Жалғиз” (Ёлғиз) номли картинаси ҳақида рассомнинг ўзи шундай дейди: “Инсон кўпчилик орасида бошқа бир дунё. Аммо у ёлғиз қолган чоғларида ўз оламига ғарқ бўлади. Унинг ҳаёллари, орзулари, армонлари ва қайғу-шодликлари бари ўзигагина тегишли бўлиб, бу ҳақида бошқа биров ўйлашга ҳақли эмас ва бу содир бўлмайдиган ҳодиса. Мен бу асаримда инсоннинг руҳий кечинмаларини илоҳий даражага кўтарганман”.

Рассом асарларида мавзу бирламчи, шу билан биргаликда бадиий ифода  ранглар гаммаси камалак мисол товланади. Модерн услубида яратилган замонавий рангтасвир асарлари Сарсенбай Байбосиновнинг қорақалпоқ тасвирий санъатини жаҳонга танилишида муносиб ҳисса қўшмоқда.

Шоҳиста АБДУРАХМАНОВА,

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, санъатшунос

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.