loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Академик Баҳодир Жалолов ижодига бағишланган китоб

20 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Анжуманлар залида  Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори Баҳодир Жалолов ижодига бағишланган “Абадиятга тортилган чизиқ” (“A Line for eternity”)  номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, рассом Баҳодир Жалолов деганда, бутун умри рангларга бағишланган, ҳаёлни ҳаётга, ҳаётни ҳаёлга йўғириб ижод қилувчи, табиат ва инсонни тасвирлар орқали тадқиқ қилувчи ижодкор, улкан тафаккур кишиси кўз олдимизда гавдаланади. Италияда чоп этилган мазкур китоб ҳам рассомнинг  ўзбек тасвирий санъати ихлосмандларига  ажойиб туҳфаси бўлди.

Мазкур китоб 2018 йилнинг ноябрь ойида Италиянинг жаҳонга  машҳур “SKIRA” нашриёти томонидан “Абадиятга тортилган чизиқ” (“A line for eternity”) номи остида инглиз тилида  чоп этилди.  Бугунги кунда халқаро «SKIRA» нашриёти Милан, Рим, Париж ва Нью-Йорк шаҳарларида ўз бўлимларига эга бўлиб, санъат ҳақидаги китобларга ихтисослашган етакчи нашриёт уйи саналади.

Иллюстрацияларга бой, беш бобдан иборат  мазкур китоб рассомнинг 70 йиллик юбилейига бағишланди. Китобда мусаввирнинг ижод йўли 170 дан ортиқ рангтасвир, графика, маҳобатли деворий суратлар орқали тадқиқ этилган.

Санъат ихлосмандлари учун қимматли манба бўлиб хизмат қиладиган мазкур асар санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси Н.Ахмедова ҳамда галерея мутахассиси Н.Андакулова томонидан нашрга тайёрланди.

Баҳодир Жалолов – Ўзбекистон халқ рассоми, Давлат мукофотларининг совриндори, Ўзбекистон ва Қирғизистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, Россия Бадиий академиясининг фахрий аъзоси, педагогик таълим бўйича Халқаро Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, Жанубий Кореянинг Кимёнг университети хизмат кўрсатган профессори, замонавий рангтасвир санъати ривожига ҳисса қўшиб келаётган етакчи рассомлардан биридир. Рассом Баҳодир Жалолов деганда, бутун умри рангларга бағишланган, ҳаёлни ҳаётга, ҳаётни ҳаёлга йўғириб ижод қилувчи, табиат ва инсонни тасвирлар орқали тадқиқ қилувчи ижодкор, улкан тафаккур кишиси кўз олдимизда гавдаланади. 

Рассом 1948 йил 27 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йили П.П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртини тамомлаган. Унинг расм чизишга бўлган иштиёқи, туғма истеъдоди мазкур билим юртида таҳсил олишни бошлаган даврларидаёқ маҳоратга айланади. 1974 йилда эса И.Е.Репин номидаги Санкт-Петербург рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтини тамомлайди.

Ижодий фаолиятининг илк даврларида портрет санъатининг устаси Абдулҳақ Абдуллаевдан таълим олади. Рассом ижодининг дастлабки намуналарида миллий ҳис-туйғулар турли хил рангларда ўз ифодасини топади. Кейинчалик Чингиз Аҳмаров, Рўзи Чориев, Андрей Мыльниковлардан тасвирий санъат сирларини ўрганди. Шу сабабли ҳам у яратган портретларда юксак маҳорат кўзга ташланиб туради. Унинг ижодидаги туйғулар уйғунлиги томошабинни ўзига маҳлиё этади. Хусусан, «Рақснинг туғилиши» композицияси ўзбек раққосаларини улуғлабгина қолмай, уларга бўлган самимий ҳурмат ва муҳаббатни намоён қилганини кўрамиз.

Баҳодир Жалолов портрет санъатида кўп ютуқларга эришди. Унинг тўлақонли асарларида ўзбек халқининг севимли фарзандлари сиймоси ўз ифодасини топган. Бу ўринда айниқса, академик, рангтасвирчи Ўрол Тансиқбоев, буюк олим, академик Воҳид Зоҳидов, санъатнинг машҳур дарғалари Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Муҳиддин Раҳимов, Ҳамро Раҳимова, Акром Тошканбоев, Дамир Рўзибоев каби улуғлар сиймоси сўзимиз исботидир. Тасвирий санъатда бу мўйқалам устаси ўз рангин оламини янгидан янги жилолар билан тобора бойитиб келмоқда.

Баҳодир Жалолов эришган етукликнинг яна бир жиҳати шундаки, у Шарқ ва Ғарб анъаналарини ўзлаштирган, ана шу анъаналардаги муштаракликни топган, уни юзага чиқаришга муваффақ бўла олган рассомдир. Шунинг учун ҳам хорижий санъат ихлосмандлари эътиборига сазовор бўлган. Бугунги кунда рассомнинг монументал паннолари дунёнинг илғор давлатлари ҳашаматли сарой ва биноларини безаб турибди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.