loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Акмал Нур: Ҳар бир рассом Ҳиндистонга албатта ташриф буюриши керак

ТОШКEНТ, 24 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур (Нуриддинов) «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида ўз ижодидаги ҳинд мавзуси ҳақида сўзлаб берди ва Ҳиндистон билан маданий алоқаларни янада ривожлантиришга оид фикрлари билан ўртоқлашди.

– Акмал ака, суҳбатимиз аввалида Тошкентдаги Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият марказида ташкил этилган асарларингиз кўргазмаси муваффақиятли ўтгани билан қутлаймиз. Айтингчи, ушбу кўргазмага тайёргарлик қандай кечди ва бунинг учун нега айнан ушбу маскан танланди?

– Биринчидан, мен Ҳиндистон ва ҳинд халқини чуқур ҳурмат қилишимни айтмоқчиман. Бунинг асосий сабаби ёшлигимиздан ҳинд фильмлари руҳида тарбия топганимиз бўлса керак. Биласиз, мазкур кинофильмларда инсон ҳис-туйғуларга алоҳида эътибор берилади ва яхшилик ҳар доим ёмонлик устидан ғалаба қозонади. Бу жиҳатлар, айниқса, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази раҳбарияти менга ушбу марказ ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган кўргазма ўтказишни таклиф қилганида, бажонидил рози бўлдим. Чунки биз илгари ҳам марказ билан қўшма лойиҳалар амалга оширганмиз. Ҳиндистон элчихонаси ва маданият маркази билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатганмиз.

Акмал Нур. «Муҳаббат боғи». Тошкент-1993.

Кўргазма экспонатларини танлашга алоҳида муносабатда бўлдик, хусусан, авваллари ҳеч ким кўрмаган график расмларни намойиш учун тайёрладик. Бу  асарлар Ҳиндистонга қилинган саёҳат таассуротида чизилган эскизлар бўлиб, улар, асосан, 1992 йил Art Heritage галереяси раиси Рушан Алкази таклифига биноан ушбу мамлакатга қилган сафарим чоғида қоғозга туширилган. Рушана икки мамлакат халқлари ўртасидаги маданий алоқалар ривожига муносиб ҳисса қўшган шахс, турли халқлар миллий либослари тарихи билимдони. Ўшанда унинг илтимосига кўра, ўзбек маданиятига бағишланган сермазмун кўргазма ташкил қилгандик.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистонни чуқур тарихий илдизлар боғлаб туради. Буюк аждодларимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар Ҳиндистонда бой мерос қолдирган. Ўзбек халқида ҳинд халқи, ҳинд маданиятига нисбатан самимий ва дўстона туйғулар мавжуд. Сизнинг ижодий фаолиятингизда ҳам ҳинд мавзуси алоҳида ўрин тутишини кузатиш мумкин. Бунинг сабаби нимада ва мазкур асарларни яратиш жараёнида нималарни ҳис қилгансиз?

– Аввало, мен тарихга бироз чекинмоқчиман. 1992 йил Деҳли шаҳридаги «Art Heritage» галереясида бўлиб ўтган шахсий кўргазмамга таниқли ҳинд санъатшунос-танқидчиси келиб, асарларимни кўздан кечирган. Расмларимни томоша қилгач, у таъсирланиб, мен билан шахсан танишиш истагини билдирган. Учрашувимиз чоғида у мендан нега фамилиям Нуриддинов эканини сўради. Шарқона анъанага кўра исм-шарифингиз Акмал Нуриддин ёки Акмал Нур бўлиши керак-ку, деди у. Санъатшунос сўз ўйини қилиб, асарларимда дин ҳам, нур ҳам борлигини айтди ва мен ўзимни Акмал Нур деб аташим кераклигини таъкидлади. Шундай қилиб, мен Ҳиндистондан Акмал Нур бўлиб қайтдим.

Менимча, ҳар бир рассом Ҳиндистонга албатта ташриф буюриши керак. Бу қадимий замин унга Шарқ маданияти фалсафаси ва қирраларини чуқур англашга имкон беради. У заминдан инсон маънавий ва ижодий жиҳатдан янги ғоялар оғушида қайтади.

Бу мамлакат менинг ижодимда янгиланган босқични бошлаб берди. Тасвирий санъатда ўзим учун янги мавзулар, янги қирраларни очдим. Кўп расм ва эскизларим ушбу юртдан олинган таассуротларим асосида юзага келди. Айрим асарларим ҳозирги кунда Деҳлидаги Лалит Қалъа академиясида ва бошқа коллекцияларда сақланмоқда. Баъзи расмлар Ҳинд маданият маркази ҳовлисидаги пленэр экспозициядан жой олган.

Акмал Нур. «Ибодатхонадаги илтижо». Тошкент-1993.

Ҳиндистонда бўлган пайтимиз, табиийки, буюк бобурийлар изидан юрдик. Хусусан, машҳур Тож Маҳал, Ҳумоюн мақбараси, Қутб минори, Қизил қалъа ва бошқа диққатга сазовор ва тарихий жойларни зиёрат қилдик.

Саёҳат жараёнида мен ҳинд маданияти, кўплаб музей экспонатларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Шу сабабли жорий йил октябрь ойида Тошкентдаги Лаъл Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган кўргазмада Ҳиндистонга оид кўплаб эскизларим томошабинларга тақдим этилди.

Кўргазмани ташкил этиш доирасида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси Маниш Прабҳат билан танишдим. Элчихона ва дипмиссия раҳбари кўмаги билан маданий алоқаларимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшиш нияти бор. Хусусан, ҳиндистонлик рассомларни мамлакатимизга таклиф қилишни режалаштираяпмиз, чунки Ҳиндистонда кўплаб қизиқарли ва иқтидорли санъат намоёндалари истиқомат қилади. Мен Ҳусейн, Рабиндранат Тагор, Амрита Шергилнинг жаҳон дурдоналарига айланган асарларидан доимо ҳайратга тушаман.

Европалик бўлмаган кишилар орасида биринчи бўлиб адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлган Рабиндранат Тагорнинг шеърлари мени ўзига ром этиб келади. Унинг қуйидаги ёрқин сатрлари доимо ёдимда туради:

Шу қутлуғ кенг дунёда сира ўлмасам дейман,

Одамлардан мангулик жудо бўлмасам дейман!

Балки ёруғ ўрмонда тирик қалблар ичида

Мангулик ўрин олгум… четда қолмасам дейман.

Буюк шоир бетакрор ва мангу асарларида таърифлаган Ҳиндистон сингари гуллаб-яшнаган, маданияти ва тарихи билан машҳур ўзбек заминини ҳинд рассомларига таништириш мақсадим бор.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари ҳақида нималар деб ўйлайсиз? Қандай мазмундаги тадбирлар ушбу алоқаларни мустаҳкамлашга, халқларимизнинг маданий ва маънавий жиҳатдан янада яқинлашувига хизмат қилиши мумкин?

– Бундан анча  йиллар аввал Осиё ва Африка киноси фестиваллари ўтказилар эди. Бундай йирик анжуманларни қайта  тиклаш  вақти келди, деб ўйлайман. Айниқса, Ҳиндистон билан мазкур йўналишдаги алоқаларни кучайтириш зарур. Маълумки, Болливудда суратга олинаётган фильмларнинг ихлосмандлари жуда кўп.

Акмал Нур. «Ибодатхонада». Тошкент-1993.

Ҳинд санъат арбобларининг Ўзбекистонга ташрифлари, турли конференция ва бошқа қўшма тадбирларни ўтказиш истаги бор. Тарихий нуқтаи назардан, бобурийлар даври, сулола вакилларининг ҳаёти ва ижодига оид ҳали ўрганилмаган кўплаб манбалар мавжуд. Бу борада биз биргаликда ҳали кўп ишларни амалга оширишимиз керак.

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда  мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда мустаҳкамланиб бормоқда. Ўз навбатида, биз Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий алоқаларни янги босқичга кўтариш йўлида саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этишга тайёрмиз.

Келажакдаги ишлар ҳақида сўз кетар экан, йирик-йирик кўргазмалар ўтказишни режалаштираётганимизни айтмоқчиман. Мамлакатимиз ёш рассомларининг асарлари ҳинд халқида катта қизиқиш уйғотишига ишончим комил.

Акмал Нур. «Муқаддас Ҳиндистон». Тошкент-1993.

Пандемиядан сўнг биз тўғридан-тўғри ижодий алоқаларни фаоллаштириб, маданий алмашинувларни янада ривожлантирамиз.

– Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Суҳбатни Музаффар Комилов ёзиб олди,

«Дунё» АА.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.