loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Анъаналар бардавомлиги дастуриламали

Санъат онгли турмушда пайдо бўлибди-ки, инсониятни ҳайратлантиради, завқ улашади, гўзалликга ошно қилади.

Юртимиз заминида қадим-қадимдан авлоддан авлодга ўтиб келаётган халқ амалий санъатининг сомон санъати тури билан кўп йиллардан бери шуғулланиб келаман. Инсон қўли гул. Акс ҳолда, оддийгина сомонга ифода бериб, “жонлантирмас” эди.

Давлатимиз раҳбари шу йил 21 апрель куни қабул қилган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан танишиб, тўғриси ўз касбимга бўлган меҳрим, шижоатим янада ортди. Англадимки, соҳада туб ўзгаришларнинг янги даври бошланди.

Мен ҳунармандчилик билан бирга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам талабаларга бадиий фотография сирларини ўргатиб келаман. Мазкур олий ўқув юртидан ҳар йили юзлаб ёш мутахассислар учирма бўлади, ўз фаолиятини йўлга қўяди. Биз устозларга улар қўним топган масканлардан ташаккурномалар келганида меҳнатимиз эътирофидан кўнглимиз кўтарилади.

Бундан ташқари, пойтахтимизда Бароқхон мадрасасидаги ўзим раҳбарлик қиладиган ижодий устахонада устоз-шогирд анъанасига содиқ қолиб шогирдларимга соха сирларини ўргатиб келмоқдаман. Қувонарлиси, шогирдларимизнинг аксарияти ўз ижодий ишлари билан дунё кезиб, ўзбек санъати довруғини оламга ёймоқда десам, муболаға қилмаган бўламан.

Фаолиятим давомида дунёнинг кўплаб мамлакатларида шахсий кўргазмамни ташкил қилдим. Халқаро фестиваль ва конференциялар доирасида амалий санъатда изланаётган имконияти чекланган ёшларни қамраб олиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ўстириш бўйича кўплаб маърузалар ўқидим, маҳорат дарсларимни ташкил этдим. Улардан асосий мақсадим эса, мен сингари имконияти чекланган ёшларни санъат орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш эди.

Дунёнинг қай бир мамлакатида бўлмай, кўргазмамдан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюриш, бой маънавий меросимиздан баҳраманд бўлиш истагини изҳор этганлар албатта топилади. Ноанъанавий тарзда ташкил қилинадиган маҳорат дарсларимда қатнашган иштирокчилар ҳам ўзлари мустақил равишда сомон билан ишлай бошлаганини, айниқса, кўзларида яратувчанлик иштиёқи порлаётганини кўрганимда, менинг инклюзив “санъат терапиям” натижа бераётганидан мамнун бўламан.

Демоқчи бўлганим, давлатимиз раҳбари имзолаган қарорда ҳам айнан устоз-шогирд анъаналарига алоҳида урғу берилди. Бу бежиз эмас, албатта. Моҳир уста тарбиялаган шогирдлар борлиги санъатда анъаналар, миллий қадриятлар бардавомлиги, демакдир. Миллий анъаналар илдизидан сув ичган янги Ўзбекистоннинг замонавий амалий санъати Президентимизнинг ушбу қарори василаси ила ўз довруғини яна оламга кўз-кўз қилишига шубҳа йўқ.

Яширмайман, кўпдан бери дилимга тугиб юрган ниятим бор эди. У ҳам бўлса, ёшлар ва имконияти чекланганларга тасвирий ва амалий санъат турларидан сабоқ беришга ихтисослашган марказни бунёд этиш орзуси эди. Мен бу борада ҳатто лойиҳаларни ҳам тайёрлаб қўйган эдим. Қарор менга кучли туртки бўлди, инклюзив “санъат терапияси” марказини ташкил этиш фурсати келди. Мамнуният билан таъкидламоқчиман-ки, Президентимизнинг ушбу қарори фаолиятимда дастуриламал бўлади.

Жасур ЖУМАЕВ,
Сомон санъати устаси,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси,
“Ҳунарманд” уюшмаси фахрий аъзоси,
“Жасорат” медали соҳиби

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.