loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Асрлар оша яшар Навоий

Аслида улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий меросини ростмана ўрганишга умрлар етмайди. Ҳар ҳолда ҳаётини унинг меросини ўрганишга бағишлаган олиму фузалоларнинг илмий ишларига бир қур назар ташлаб, шу хулосага келиш мумкин.
 
Мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами арафасида давлатимиз раҳбари томонидан «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши адабиёт, илм-маърифат, санъат, маънавият соҳаси вакиллари билан бирга оддий одамлар, сўз санъати мухлислари томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди, десак янглишмаган бўламиз.
 
– Президентимизнинг ушбу қарори Алишер Навоийнинг беназир ижодига, унинг даражасига муносибдир, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Қарорда Навоий меросини ўрганиш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлақонли қамраб олингани эътиборга моликдир.
 
Дарҳақиқат, янгиланаётган Ўзбекистонимиз ўз маърифий тараққиётининг янги босқичида турган масъулиятли бир даврда устоз Навоий меросини пухта ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бу жараён Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини тузиш, Алишер Навоий орденини таъсис этиш, мутафаккир қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг хориждаги факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш, даҳо бобокалонимиз қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашрини яратиш каби кўплаб эзгу ташаббуслар билан чамбарчас боғлиқдир.
 
– Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар Навоий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўрганишда янги имкониятлар эшигини очиб беради, – деди адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. – Зеро, бугунги кунда Навоий меросини мукаммал ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Буюк мутафаккир шоир ижодининг билимдони, устоз тадқиқотчи, навоийшунос олим Афтондил Эркиновнинг фикрича, Навоийни миллий ўзликни англаш йўлидаги маёқ атасак, янглишмаймиз. Ҳазратнинг бебаҳо меросини ўрганишга доир ушбу қарор халқимиз қалбида буюк аждодлари билан фахрланиш туйғуларини янада кучайтириши, шубҳасиз. Айни пайтда Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлашга доир бундай эзгу ташаббус мамлакатимиз маърифий ҳаётидаги улкан залворли воқеадир.
 
Ҳа, чиндан ҳам ушбу ҳужжатда белгиланган амалий чора-тадбирлар Навоий бобони халқимизга янада яқинлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Ажабмаски, энди наинки академик, илмий-ижодий доираларда, олимлар, тадқиқотчилар, шоиру ёзувчилар, адабиёт фидойилари билан бирга барча-барчамиз, каттаю кичик улуғ шоир асарларига янада яқинлашсак, ундан ҳалоллик, поклик, эзгулик, инсонийлик, ростгўйлик, самимият сабоғини пухта ўзлаштирсак!
 
Даҳо шоир ижодининг мураккаблиги, яна ҳам тўғрироғи, мукаммаллиги уни ўрганиш жараёнига таъсир этмай қолмаётгани ҳам бор гап. Бироқ унинг сатрларига кўз югуртириб, Навоийнинг асрлар, замон ва маконлар оша ҳамон барҳаётлигига ишонч ҳосил қиламиз. Донишманд сўзи, зийрак нигоҳи, башоратгўй ўй-хаёлларини астойдил ҳис этамиз. Инсонни, жамиятни, борлиқни иллатлардан холи, бекаму кўст, баркамол кўришдек покиза ва эзгу орзуларига, яхшиликка хайрихоҳликдек мақсад-муддаоларига ошно бўламиз! Даҳо шоир ижодининг мўъжизаси ҳам шунда эмасми!
 
Назокат Усмонова, ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.