loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Афросиёб маликалари

5 март куни  Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида 8  Март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Дўстлик” ордени соҳибаси, таниқли рассом Нодира Орипованинг “Афросиёб маликалари” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомнинг 50 та рангтасвир ишлари намойиш қилинаяпти.

Нодира Орипова – 1959 йил Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида зиёли оиласида туғилган. 

Мактабни тугатгач, Тошкентдаги П.П. Беньков номидаги Республика бадиий билим юрти (Республика рассомлик коллежи)га ўқишга кирди ва устози Г.В. Моисеевдан рангтасвир сирларини ўргана бошлади.

1980 – 1986 йилларда Островский номидаги театр ва рассомлик институтида ўқишни давом эттирди. Институтда устозлари Н. Қўзибоев, М. Саидов, Т. Огонесов, В. Ковининлардан рассомчилик санъатининг сир – асрорларини пухта ўрганди.

1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Нодира Орипова – 1987 йилдан бошлаб республика миқёсидаги турли кўргазмаларда фаол иштирок эта бошлади. “Наврўз” ва Мустақиллик байрамига бағишланган, “Табиат ва рассом”, “Аёллар ва гуллар” каби кўргазмаларда фаол иштирок этган. Шунингдек, бир нечта халқаро кўргазмалар иштирокчиси.

2011 йилда ҳукуматимиз Нодира Орипованинг Ўзбекистон тасвирий санъатига қўшган ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.

Нодира Орипованинг яратган ишлари нафақат, республикамизда, балки, Франция, Туркия, Россия, Германия, Бельгия каби мамлакатлар шахсий коллекцияларида сақланади.

Биз аёлни гўзаллик, садоқат, назокат тимсоли сифатида қадрлаймиз. Момоларимизнинг неча асрлик ўтли нигоҳлари, ҳаё – иболари, ажойиб тақинчоқлари бизгача етиб келган. Жумладан, унинг миниатюра санъатига ўхшаш “Афросиёб мусаввираси”, “Варахша гўзали”, “Самарқанд мадоннаси”, “Сўғд тўйи” каби асарлари шулар жумласидандир.

Мусаввиранинг мақсади – фақат аёллардаги гўзалликни яратиш эмас, балки, уларнинг ички изтироблари, юрак туғёнларини ҳам эшитиш ва буни турли хил ёрқин ҳамда синиқ ранглар орқали ифодалашдир. Шунингдек, аёл қалбининг нозик торларини чертишда уни ўраб турган дунёнинг қанчалик таъсири, вужудини қамраб турган туйғуларини ифодалашга ҳаракат қилади. Рассом ўзи аёл бўлгани учун ҳам аёлларни яхшироқ сезади ва буни тасвирлардаги юз ифодаларига чиқаришга уринади. Бир қараганда, чиройли безакларга бурканган аёлнинг анор ушлаб турган ҳолати тасвирланган бўлса, унинг юзидаги нур ва порлоқ кўзлар унинг бахтиёрлигидан дарак беради.

Кўргазма жорий йилнинг 16 мартигача давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.