loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Баҳром Намозовдан шахсий кўргазма

26 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Баҳрам Намозовнинг “Чизиқлар оханги” номли илк шахсий кўргазмаси очилди.

Баҳром Намозов 1982 йил 15 октябрда Қашқадарё вилоятида таваллуд топган. 2000 йилда Қарши Давлат санъат билим юртининг “Бадиий безак” бўлимига ўқишга кирди. 2004-2008 йилларда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Амалий санъат факультетида таҳсил олади. 2006-2008 йилларда “Амалий графика” кафедрасининг ўқув жараёнида устоз даражасига эришади. 2008-2018 йилларда Республика дизайн коллежида таълим беради. 2014-2016 йиллар оралиғида К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти магистратура босқичида тахсил олади. 2018 йилдан ҳозирга қадар институтнинг “Реклама ва амалий графика” кафедраси ўқитувчиси. 2019 йилдан бошлаб эса кафедра мудири лавозимида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Рассомчиликка қизиқиш мусаввирда болаликнинг илк даврларидаёқ намоён бўлганди. Инсониятни ўраб турган теварак-атрофни кўриб, реал ҳаётни шу ондаёқ қоғозга туширишга ҳаракат қилади. Мактаб пайтларидан бошлаб у турли танловларда иштирок этади. Баҳрам Намозов ўзининг иш фаолияти давомида бир қанча кўргазмаларда иштирок этган ва бир қатор дипломлар билан тақдирланган. 2008 йил  октябр ойида Халқаро Фото Биеннале кўргазмасида ижодий ишлар билан қатнашади. 2009-2012,  2014-2019 йилларда санъат ҳафталигидаги иштироки учун диплом билан тақдирланган. 2006, 2017, 2018 йилларда Республика дизайн коллежидаги турли Давлат байрамларига бағишланган кўргазмаларда иштирок этади. 2019 йил К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўз шогирдлари билан биргаликда “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишланган кўргазмада иштирок этади. 2019 йил К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Йил ўқитувчиси” номинацияси билан тақдирланади.

Рассом ўзининг илк шахсий кўргазмасида ижодий илҳомланиш санъатининг гўзаллигини намоён этади. Портретларида эса мусаввир тасвирланаётган инсоннинг ташқи кўринишидаги ўзига хосликларни, манзараларда рангларнинг оғир-босиқлигини кўрсатади.

Кўргазмада рассомнинг 60 дан ортиқ асарлар намойиш этилмоқда. Ҳаракатни кўрсатувчи чизиқлар ва рангларнинг босиқлиги такрорланмас таассуротлар уйғотади.

Маълумот учун телефон: (71) 2562832

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.