loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Биринчи ўзбек фотосуратчи ва кинооператори ҳақида китоб тақдимоти

Тошкент фотосуратлар уйида  Ислом Каримов  номидаги Республика хайрия жамоатчилик фонди томонидан нашр этилган “Биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Худойберган Девонов” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Атоқли олим, академик Наим Каримов томонидан яратилган  мазкур китоб мустақил Ўзбекистон асосчиси, Биринчи Президент Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар доирасида чоп этилди.

Қимматли архив ҳужжатлари асосида ёзилган рисолада илк ўзбек фотографи ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновнинг ҳаёти ва ижоди, касбий фаолияти, Ўрта Осиёда фотосуратчилик  ривожланаётган кезларда унинг фотограф сифатида шаклланиши тадрижий кенг ёритилади. Қолаверса, ўзбек ва рус тилларида чоп этилган мазкур рисола ноёб архив фотосуратларни ўз ичига олган.

Х.Девоновнинг “Ўрта Осиё меъморий ёдгорликлари”, “Туркистон кўринишлари” каби ҳужжатли фильмларида  ўзбек халқининг ҳаёти, урф-одатлари ва анъаналари хусусида холис маълумот беради. Мазкур фильмлар бугун нодир тарихий ҳужжатларга айланиб улгурган.

Тақдимот маросимида Х.Девоновнинг фото ва кино санъатига оид ижодий ишлари халқ ва она Ватанга муҳаббат билан йўғрилгани, муаллиф ўз асарларида  ўша давр руҳи ва нафасини  сақлаб, тарихий ҳақиқатни тўлақонли акс эттиришга муваффақ бўлгани, бу ижодий ишлар бугун хақли равишда дурдона, дея эътироф этилиши таъкидланди.

Китоб тақдимоти маросими доирасида Худойберган Девонов томонидан олинган ноёб фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Шунингдек, Х.Девоновнинг ижодига бағишланган “Қафасдаги қалдирғоч” номли  ҳужжатли-биографик фильм намойиш қилинди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.