loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бир асрлик тарихга эга мактаб

Ўзида бир асрлик тарихни жамлаган П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби бугунги кунга қадар неча минглаб иқтидорларни кашф қилган, десак муболаға бўлмайди. Мазкур йилда  Ўзбекистон тасвирий санъатида ёрқин из қолдирган рассомларимиздан бири Павел Петрович Беньков номи берилган билим юртининг ташкил бўлганига юз йил тўлгани муносабати билан шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари байрам тадбири ўтказилмоқда. Бу ҳақда кенгроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида мактаб раҳбариятига юзландик.

 П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби директори Умиджон Ҳакимов:

— Мазкур сана муносабати билан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ байрам тадбири билим юртининг 100 йиллик юбилейига бағишлаб ташкил этилган музей ва битирувчи ўқувчиларнинг диплом ишларидан иборат кўргазма билан очилади. Таълим муассасасининг ҳудуди бўйлаб барча йўналишларда Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари, халқ рассомлари ва халқ усталари томонидан маҳорат дарслари ўтказилади. Ҳатто энг замонавий йўналишлардан бири бўлган робототехника бўйича ҳам иқтидорли ўқувчимиз юқори малакали маҳорат дарсларини олиб боради.

Тадбирнинг эътироф этиб ўтиладиган яна бир асосий тарафи, бу —Тошкент фотосуратлар уйида ўтказилувчи “Беньков мактаби” номли ижодий ишлар танлови бўлиб, унда мактабимиз ўқитувчи ва ўқувчиларининг ижодий ишлари жамланган. Бундан ташқари, байрам доирасида “Ўзбекистон тасвирий санъатида Павел Беньков феномени ва унинг мактаби” номли илмий-амалий конференция ҳамда мактабнинг 100 йиллигига бағишланган каталогнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Икки кунга режалаштирилган байрам тадбиримиз ўзига хос тарзда ўтишини мақсад қилганмиз. Тадбир сўнгида азиз меҳмонларимиз учун байрам дастурхони ёзилади.

Қўшимча маълумот сифатида шуни айтиб ўтмоқчиманки, миллий ва жаҳон тасвирий санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган республикамизнинг машҳур рассомлари — Р.Ахмедов, А.Абдуллаев, Н.Қўзибоев, Р.Чориев, Б.Жалолов, Ж.Умарбеков, А.Мирзаев, О.Файзуллаев, В.Бурмакин, А.Нуридинов, Л.Ибрагимов, Р.Худайберганов, Т.Қўзиев, Ҳ.Аминов сингари ва бошқа истеъдодли мусаввирлар таҳсил олган мазкур ўқув масканида бугунги кунда 7 та таълим йўналишида 16 та ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрланади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.