loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Буюк мусаввир таваллудига бағишланди

Бугун, 4 декабрь куни пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг катта мажлислар залида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги  муносабати  билан “Шарқнинг буюк  мусаввири” номли илмий тадбир бўлиб ўтди.

Академик рассомлар, ёш мусаввир ва мусаввиралар иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар Шарқнинг буюк мусаввири Камолиддин Беҳзоднинг миниатюра санъатига қўшган улкан ҳиссаси ва қолдирган буюк мероси  ҳақида сўз юритишди.

Тадбирда Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг рангтасвир ўқитувчиси О.Умрзоқов,  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг тасвирий санъат тарихи ва назарияси кафедраси профессори Р. Фатхуллаев, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейининг миниатюра бўлими бошлиғи  С.Жалилова, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, миниатюрчаи рассомлар Т.Болтабоев, К. Мирзаев иштирок этишди.

Ёш миниатюрачи рассом Саида Жалилова рассомнинг рубоий ва бадиий асарларни кўпроқ мутолаа қилиши нафис миниатюра асарларини яратиш,  композицияни пухта тузишига хизмат қилишини таъкидлади.

Миниатюрачи рассом Камол Мирзаев сўзларига кўра,  миниатюра – каллиграфия, саҳифаларни зийнатлаш, муқова безаги билан бир қаторда қўлёзманинг асосий мураккаб декоратив унсурларидан бирини ташкил қилади. Миниатюранинг асосий аҳамияти матн мазмунини тушунтириш ва умуман олганда, дунёвий характердаги асарларни безашдан иборат. Миниатюра қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бирга мазкур асарлардаги инсонпарварлик ғоялари, олижанобликка интилиш ҳисси, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади. Бадиий санъат амалиётида ҳам миниатюра муҳим ўрин эгаллай бошлади.

 

Талабалар ва нафис санъат мухлислари иштирок этган тадбир доирасида  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи томонидан миниатюра асарлари кўргазмаси  ва миниатюрачи рассом К.Мирзаевнинг “Санъатнинг сеҳрли жилоси” номли онлайн кўргазмаси намойиш ташкил этилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.