loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ватан ҳимоячиларининг фарзандлари кутубхонага аъзо бўлишди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округи бошқарув аппарати ҳамда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг бир гуруҳ фарзандлари Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-ресурс маркази болалар кутубхонасига экскурсия уюштиришди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус ижроси юзасидан амалга оширилган галдаги экскурсия болаларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада оширди.

2015 йилда ташкил этилган Ахборот-ресурс маркази ҳозирги кунда 70 мингга яқин китобларни ўзида жамлаган бўлиб, болажонлар 13 500 дан ортиқ китобларни мутолаа этишлари мумкин. Кутубхонада жами 8 та бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Кутубхоначи Айсулув Амангалиева экскурсияга келган болаларга ўқув зали, интернет синфи, хизмат кўрсатиш ва китоб сақлаш бўлимлари ва кутубхонага аъзо бўлиш тартиби тўғрисида тушунтириб ўтди.

— Ёшим 7 да, — дейди, подполковник Шерзод Усмановнинг ўғли Шамшод Хусанбоев. Кутубхонага биринчи марта келишим. Китоблар кўплиги ва қизиқарли эртакларнинг борлиги мени қувонтирди. Опам иккимиз кутубхонага аъзо бўлдик. Энди бўш вақтларимда дадам ва аям билан кутубхонага келиб тураман.

Чиндан ҳам, болаларнинг кўзини қамаштирган ранг-баранг китоблар уларни китоб ўқишга бўлган меҳрини янада мавжлантирар эди. “Худойберди Тўхтабоев! Энциклопедия! Ваууув… мен бу китобни ўқигандим, сенга ҳам маслаҳат бераман!” – бу кутубхона китоб сақлаш бўлимида болаларнинг ўзаро суҳбатидан олинган гаплар.

Бир олам таассуротлар оғушида болалар Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейига ҳам боришди. Музейда болалар табиат, археология, этнография ҳамда замонавий тарихга оид экспонатлар билан танишишди ва қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.

Айниқса, Орол денгизининг ноёб ва аллақачон йўқолиб бораётган қушлари ва ҳайвонлари тўғрисида маълумот берувчи экспозиция томшабинлар ҳайратига сазовор бўлди.

Бу каби экскурсиялар мунтазам ташкил этиб келинаётганлиги турли вилоятлардан келган болаларнинг маънавий дунёқарашини бойитиши билан бир қаторда тарих, санаът ва маданиятга нисбатан қизиқишларини оширишда эътиборга моликлиги билан аҳамиятлидир.

 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.