loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Дунёга танилаётган «Бекат»ликлар

Сирдарё вилояти жамоатчилиги жонажон Ўзбекистонимиз учун азиз ва қадрли. Бунинг боиси Сирдарёликларнинг меҳнаткаш ва яратувчанлиги-ю, бағрикенглиги, ҳаётга катта муҳаббат билан қарашларида бўлса ажаб эмас. Ҳар сафар қўлимга қалам олиб Сирдарёлик бир замондош қиёфасини яратишга чоғлансам, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари ёдимга тушаверади:”Сирдарё деганда, Сирдарёлик деганда азим Сайхун дарёси соҳилларидаги сўлим бир воҳа, қадимий Мирзачўл бағрида боғу-бўстонлар, шаҳару қишлоқлар бунёд этиб келаётган мард ва матонатли инсонлар кўз ўнгимизда намоён бўлади”

Умумтаълим мактабларидаги ислоҳотларни кузатиб ижодкор сифатида бир фикрга бордим. Ўсмир ўқувчилардан бири яхши ғалабага интилса, уни кўриб бошқалар ҳам эргаша бошлайди. Аслида ҳавас яхшида. Аммо, иқтидорлар қанча кўпайса ундан-да яхши. Бу интилишларнинг бошида ўша мактабдаги муаллимнинг фаол саъй ҳаракатини, боланинг кўнглига йўл топа олганлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Боёвут туманида Бекат номли қишлоқ бор. Иккинчи жаҳон урушидан кейин темир йўл бекати атрофига Ўзбекистонимизнинг турли гўшаларидан одамлар келиб яшаб қолишади ва у рамзий тарзда ”Бекат”, дея атала бошлайди.

Кейинги йилларда 6-умумтаълим мактабидан етишиб чиқаётган бир неча иқтидор соҳиблари қишлоқ довруғини кўтара бошлади. Сардор Маматқулов, Вилоят Бозорова, Мухлиса Мирзаева сингари ёшлар нафақат Сирдарё вилояти,балки республика миқёсидаги тасвирий санъат анжуманларида нуфузли ўринларни қўлга киритдилар. 6-синф ўқувчиси Лочинбек Зокиров Япония ҳукумати томонидан ташкил этилган Она замин муҳофазаси ва табиат мавзусидаги, тасвирий санъат асарлари кўргазмасида қатнашиб, 94 давлатдан қатнашган 18 минг иштирокчи ичида 48 нафар ғолиблар қаторидан ўрин олди ва Боёвутликлар номини дунёга танитди.

“Мактабимизда амалий фанлар методик бирлашмаси томонидан тасвирий санъат фанларининг ўқитилишига катта эътибор қаратилмоқда,-дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Каримбой Мирзаев. – Сабаби, ўқув даргоҳида неча ўн йилликлар давомида тасвирий санъат фанлари изчил ўқитиш самараси ўлароқ, ўқувчиларимиз бири-бирига ҳавас қилиб рассомлик иқтидорини намоён қила олдилар. Болалар ижодини тарғиб қилиш ,уларга эътибор қаратиш мақсадида, мактабимизда тасвирий санъат музейи ташкил қилганмиз. Ҳозирда Камолиддин Бекзод номидаги дизайн ва рассомлик институти талабалари Зилола Сатторова, Сарвиноз Тошева, Дилдора Примқулова, аввал рассомчилик, кейинчалик кинорежиссурада ижод қилаётган Ойбек Қаршибоев ва бир қанча собиқ ўқувчиларимиз асарлари бу ердан ўрин олган. Улар автопортрет, манзара, тарихий, ҳар хил йўналишларни қамраб олган. 2018 йилда туман миқёсида ўқувчиларимизнинг бу фандан ўзлаштириши юқори баҳоланди,”Йилнинг энг яхши тасвирий санъат фани ўқитувчиси “дея эътироф этилдим. Айни пайтда ўқув ишлари бўйича масъул бўлсамда, тасвирий санъат борасидаги ташаббусларни доимо қўллаб қувватлайман.”

«Жамоамизда 54 ўқитувчи 562 нафар ўқувчига дарс беради ,-дейди мактаб директори Оллоберди Исломов. Мактабимиз “Бекат” маҳаласида асосий маънавият ўчоғи ҳамдир.Турли маънавий тадбирлар ҳам асосан шу ерда ўтказилади. Мактабимиз 2020-2022 йиллар даврида барпо этиладиган “Замонавий мактаб” дастурига киритилиб, янги қиёфа касб этаётганидан беҳад хурсандмиз.”

 

“Бекат” маҳалласида яшовчи Шойимқул Каримов 82 ёшда. Отахон кексалик гаштини сураётган бўлсада руҳан ва жисман бардам.”Биз бир пайтлар ибтидоий кўринишдаги мактабларда дарс берганмиз –дейди отахон. Коронавирус балоси чиқиб таълимда узилиш бўлди. Мана энди янги ўқув йили бошланаётган экан мураббийлар болаларга янги куч, қуввват билан билим беришсин .Бу касаллик ҳам бир синов, ўтиб кетади, аммо болаларимизни ундан асраш учун карантин қоидаларига риоя этайлик.Таълим эса бир зум тўхтамайди.Телевизорда кўриб турдим.Юртбошимиз муаллимларни ҳам врачларимиз қаторида бугунги кун қаҳрамони ,-дея таъриф берди. Энди эса улар шундай эътирофга доимо муносиб бўлишсин.”

Чиндан-да, «Бекат» қишлоғининг кашф этилмаган иқтидорли ёшлари кўп. Улар ҳали илм-фан адабиёт, тасвирий санъатда ўз салоҳиятини намоён қила олади.               

Ўлжабой Қаршиев, журналист

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.