loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодкорлар рағбат топади

Ҳар қандай давлатда санъатга, маънавиятга бўлган эътибор ўша мамлакат, жамиятда маънавий муҳит соғлом ўзанда эканидан далолат беради. Жорий йилнинг 21 апрель куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айтиш жоизки, мамлакатимиз маданий ҳаёти, санъатимиз иқболига дахлдор, миллий тасвирий санъатимизнинг кўзга кўринган намояндалари, санъатшунос олимлар, соҳа ёш вакиллари дилидаги орзулар ижобатини таъминловчи муҳим бир ҳужжат бўлди.

Зеро, қарор билан танишар эканмиз, бу ҳужжат истеъдодли ёшларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, халқимизнинг тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги бадиий меросини асраб-авайлаш ва кейинги авлодларга етказиш, тасвирий санъат ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришда дастуриламал бўлишига ишонч ҳосил қиламиз.

Қарорга мувофиқ шу йил октябрь ойида буюк ўзбек рассоми Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади. Мазкур сана ва у билан боғлиқ чора-тадбирлар  Шарқ миниатюра санъати асосчиси Камолиддин Беҳзод номи берилган Миллий рассомлик ва дизайн институтининг истиқболдаги фаолиятида янгидан янги имкониятлар эшигини очади. Масалан, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясининг жорий этилиши санъат оламига кириб келаётган кўплаб ёшларимизга нафақат кучли рағбат бўлади, балки истеъдодини намоён этишлари, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаган ҳолда, ўз ижодий йўлини топиб олишига туртки беради.

Қарорда ижодий йўналишда олий ўқув юртидан кейинги таълимни ташкил этиш, хусусан, бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш,  жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлган ўзбек тасвирий ва амалий санъати академик бадиий таълим анъаналарини сақлаш ва давом эттириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани соҳанинг мен сингари катта авлод педагог вакилларини беҳад мамнун этди.

Жумладан, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, соҳадаги иқтидорли ёш санъат вакилларини замонавий шакл ва услублар, бугунги кун талабига жавоб берадиган самарали педагогик технологияларни амалда қўллаган ҳолда таълим олишларига хизмат қилади.

Келажак ёшларники. Маънавий баркамол, миллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбия топган ёшлар юртимиз келгуси равнақи кафолатидир. Президентимизнинг мазкур қарори  айнан шундай эзгу ниятларнинг реалликга айланишини таъминлаб беради.

 Собир РАХМЕТОВ,

Ўзбекистон халқ рассоми,

Ўзбекистон Бадиий академияси академиги,

профессор

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.