loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Бугун, 16 октябрь куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида буюк мусаввир таваллудининг 565 йиллигига бағишланган Халқаро симпозиум доирасида  «Камолиддин Беҳзод ижоди Шарқ ва Ғарб бадиий маданияти кесимида»  мавзусида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган ушбу халқаро илмий-амалий онлайн анжуманни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Н.Сайфуллаев очиб берди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, ЭКО Маданият институти президенти Сарвар Бахти, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ян Хладик анжуман иштирокчиларига ўз табрикларини йўлладилар.
Анжуманни Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Ф.Обиджонова олиб борди.

Бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган эпидемиологик вазият туфайли ZOOM платформаси орқали амалга оширилган конференцияда Камолиддин Беҳзод ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши, жаҳон маданияти ва санъатида тутган ўрни, буюк мусаввир ворислари, ҳаттотлик ва китобот санъати, мусаввир ижодининг замонавий тасвирий санъатдаги ўрни ва аҳамияти каби масалалар кўриб чиқилди, фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Мусаввир нафақат ўзбек ва Шарқ халқлари маданияти , балки жаҳон тамаддуни хазинасини ўзининг дурдона асарлари билан бойитган, бутун дунё цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирган буюк ва забардаст санъаткор эканлиги таъкидланди, ижодининг дунё санъати ривожига таъсири атрофлича таҳлил қилинди.

Камолиддин Беҳзод, унинг шогирдлари ва издошларининг ижодини янада оммалаштириш, шунингдек, соҳага оид илмий-тадқиқотлар билан кенг жамоатчиликни таништириш долзарб аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Ушбу конференция ва унда тақдим этилган маърузалар буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод қолдирган улкан ижодий меросга жаҳон миқёсида қизиқиш ниҳоятда катта эканлигининг амалдаги ёрқин  ифодаси бўлди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.