loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Камолиддин Беҳзод издошлари

15 октябрь куни “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови Республика босқичи иштирокчиларининг  миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмасининг очилиши ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” Қарорига мувофиқ ёш истеъдодли ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилади.

Ушбу танлов бевосита миниатюра ва халқ амалий санъати йўналишидаги ёш ижодкорларнинг миллий ўзлигимизни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларни изчил амалга оширишга йўналтирилган. Танловнинг асосий мақсади миниатюра ва халқ амалий санъати соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, миллий санъатимизнинг келажагини таъминловчи ёш истеъдодларни излаб топиш, ёш истеъдодларни тасвирий ва амалий санъат асарларини яратишнинг янги ижодий услубларини излашга, халқимизнинг бой маънавий дунёси, озод ва обод Ватан келажаги олдида масъулиятли бўлиш, миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга йўналтиришдан иборат.

Бу йилги танлов Буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигига бағишланган симпозиум доирасида ташкил қилинди. Танлов 2 босқичда ташкил қилинди. Танловнинг ҳудудий босқичи ғолиблари республика босқичида иштирок этиш имтиёзини қўлга киритдилар. Жорий йилнинг 1 октябридан 10 октябрига қадар “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови Республика босқичи ўтказилди. Мазкур кўргазмада республика босқичига тақдим этилган ёш ижодкорларнинг ижодий ишлари намойиш этилмоқда.

Танловнинг республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан 15 ёшдан 20 ёшгача бўлган 78 нафар ёш ижодкор 234га яқин ижодий ишлари билан иштирок этди. Танлов 15 ёшдан 17 ёшгача ҳамда 18 ёшдан 20 ёшгача бўлган ёш тоифалари бўйича алоҳида-алоҳида тартибда ўтказилди. Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари нуфузли  Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Танлов ғолиблари қуйидаги номинациялар бўйича аниқланди:

Энг яхши миниатюра асари учун;

– Энг яхши график асари учун;

– Энг яхши наққошлик асари учун;

– Энг яхши амалий санъат асари учун.

Танловнинг Республика босқичи ғолиблари “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъат асарлари танлови ғолиби дипломлари ҳамда “Илҳом” жамоат фонди томонидан  қимматбаҳо совғалар тақдирландилар. Шу билан бирга Республика босқичининг ҳар бир иштирокчисига Сертификат тақдим қилинади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.