loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Маданий меросимизга эътибор

15 январь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида “Замонавий Ўзбекистонда реставрация ва консервациянинг муҳим муаммолари” мавзуида илмий семинар бўлиб ўтди.

Маълумки, диёримиз азалдан илм-маърифат, бунёдкорлик ўчоғи бўлиб келган. Юртимиздан кўплаб аллома зотлар етишиб чиқди, ўзларидан келажак авлод учун улкан маънавий, моддий мерос қолдиришди. Уларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга бус-бутун етказиш долзарб масалалардан бири.

Давлатимиз раҳбарияти томонидан маданий меросни асраш, маданий мерос объектлари ва санъат ашёларини  реставрация қилиш,  бу борада илмий тадқиқотларни ва ишларини амалга ошириш, соҳада мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш орқали реставрация ишларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

 

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида  халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “Бой тарихимиз дурдонаси бўлган маданий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Ҳозирги вақда уларнинг сони 7 мингдан зиёдни ташкил этади.” дея таъкидлаб ўтдилар.

Илмий семинарда Ўзбекистон зиёратгоҳлари меъморчилигининг тарихий қиёфасини сақлаш, меъморий ёдгорликларни таъмирлашнинг ўзига хос хусусиятлари, ёзма манбаларни консервация ва реставрация қилиш муаммолари, меъморий ёдгорликларнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш бўйича инновацион ёндашув, бадиий таълим тизимида реставратор мутахассисларни тайёрлаш, реставрация соҳасида хориж тажрибаси, архитектура ёдгорликларини таъмирлаш ва қайта тиклаш тамойилларига доир  мавзуларда маърузалар ўқилди.

Илмий семинарда  маданий мерос обьектлари, ёзма манбаларни реставрация ва консервация қилиш борасида мавжуд муаммолар ўртага ташланди, улар ечими юзасидан фикр алмашинди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.