loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Миниатюра санъатига бағишланган кўргазма ва маҳорат дарси

27 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида талаба ёшларга «Беш ташаббус – беш қанот» шиори остида «Санъатнинг сеҳрли жилоси» номли миниатюра асарларидан ташкил топган кўчма кўргазма ҳамда кўргазма доирасида миниатюра, рассомлик йўналишлари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Тадбирни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева очиб берди.

— Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижросини таъминлаш доирасида турли масканларда мунтазам ташкил этилаётган кўчма кўргазмамиз ва олиб борилаётган маҳорат дарслари ўсиб келаётган ёш авлод онгида миллий ва умуминсоний қадриятлар, бебаҳо тарихий ва маданий меросга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуларини шакллантиради. Миллий санъатимизнинг барча намунаси ёшларимизни эзгулик руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Хусусан, миниатюра санъати халқимизда қадимдан ривожланган бўлиб, уларда миллий удумлар, анъаналар ўз аксини топган. Қўли гул усталаримиз ишлаган асарларни кўриб, уларда илғор инсонпарварлик ғоялари, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурлар нақадар нозиклик билан ифодаланганига гувоҳ бўласиз. Ўйлайманки, кўргазма ва маҳорат дарслари сизларда катта таассурот қолдиради, санъатга меҳр уйғотади, — деди Гулабза Қаршиева ўз сўзида.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбирга 100 дан зиёд ёшлар, ўқитувчи ва мураббийлар таклиф этилди.

Миниатюра санъати бўйича маҳорат дарсларини миниатюрачи рассом Камол Мирзаев ҳамда ёш рассом Саида Жалилова олиб борди ва миниатюра асарларини яратиш усулларини маҳорат дарслари орқали намойиш этиб беришди. Муҳими, иштирокчи ёшлар тасвирий санъат асарларидан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзлари ҳам бевосита санъат асарларини яратишга ҳисса қўшдилар.

Тадбир давомида ёшларга ва бошқа иштирокчиларга кўргазма бўйлаб экскурсия ташкил этилди, уларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг театр безаги кафедраси катта ўқитувчиси Сирожиддин Хидиров сўз олиб, ушбу маърифат масканида бугунги маҳорат дарслари ва кўргазмадан жудаям мамнун бўлганликларини, умрибоқий минитаюра санъати ҳақидаги билимларини бойитишганини айтиб ўтди ва музей маъмуриятига ўзининг миннатдорчилигини билдирди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.