loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Нафис санъат равнақи йўлида

Қарор ва ижро 
 
Мустақиллик барча ижодкорларни маънавий уйғоқликка, ҳаётга янгича назар солишга ундади. Ватанимиз ва меҳнаткаш ҳалқимиз ҳақида, унинг шонли тарихи, ҳаёти ва эзгу орзу-интилишларини тараннум этган етук асарлар яратишда илҳом манбаи бўлди. Ўзида миллий ва умуминсоний қадриятларни акс эттирган, бой маданий меросимиз ва буюк аждодларимиз сиймолари гавдалантирган асарлар юзага келишига эркинлик нашидаси туртки берди.

Рассомларимиз ижодида миллий ва умуминсоний қадриятлар мужассамлиги намоён бўлди. Миллий ва маънавий тикланиш, янгиланиш жараёнлари бўй кўрсатмоқда. Бу хусусиятлар қадим санъатимиз анъаналаридан узилмаган ҳолда замонавий изланишларга, ижодга ўзига хос маъно-мазмун бахш этди, қолаверса рассомларимизнинг ҳурфикрлилик, миллий меросни янгича фалсафий талқин этиш, қотиб қолган эски қарашлардан узоқ бўлиш тамойилларига асосланиб яратган энг сара асарларини жаҳонга танитди.

Эндиликда амалга оширилаётган ижодий лойиҳалар замонавий ўзбек тасвирий санъатига кириб келган ёш истеъдод эгалари, турли йўналишларда янгича шакл ва мазмунда ижод қилаётган рассом ва ҳайкалтарошлар, халқ усталарининг номини умуммиллий жиҳатдан эътироф этилишига кенг йўл очди.

Рассомларимиз томонидан юртимиз ҳаёти, табиатимиз манзаралари, балки инсоннинг руҳий олами, ички кечинмаларини, ўзликни англашга бўлган интилишни тасвирий санъатнинг турли жанр ва услубларида, турфа бўёқларда ифодалаш яққол намоён бўлди.

Янги фалсафа ва шаклларга мурожаат этган рассомлар фақат рангтасвир билан чегараланиб қолмай, санъатнинг замонавий турларида ҳам ижод этмоқдалар. Инсталляция, видео-арт, перфоманс каби ижод кўринишлари юзага келди. Мисол учун, Жамол Усмонов, Вячеслав Ахунов, Александр Николаев, Бобур Исмоилов, Фаррух Аҳмадалиев рассомлар мазкур санъат турларида сермаҳсул ижод қилмоқда.

Сўнгги йилларда маҳобатли ҳайкаллар ва ёдгорлик мажмуаларини ўз ичига олган энг оммавий турлардан бири – монументал санъат соҳасида ҳам туб бурилишлар кузатилиб, ҳайкалтарошларимиз ижодида жиддий ютуқлар кўзга ташланаётир.

Истиқлол мавзуси, миллий ўзига хослик йўлидаги изланишлар кўплаб ижодкорларимиз, жумладан, ўзбек ҳайкалтарошлари ижодида алоҳида хусусият сифатида акс этаяпти.

Очиғини айтиш керак, илгари ўзбек миллатига мансуб ҳайкалтарошлар бармоқ билан санарли эди. Бугунги ижодий муҳит умуман бошқача. Чунки, соҳага кўплаб ёш истеъдод эгалари кириб келаяпти. Бу эса унинг равнақи ва истиқболидан далолат беради. Жумладан, пойтахтимиз кўркига кўрк бўлиб турган Адиблар хиёбони, “Ғалаба” боғида ўрнини топган ҳайкалларнинг аксарияти Илҳом Жабборов, Тўлаган Тожихўжаев, Улуғбек Усмонов сингари уста ҳайкалтарошлар қаторида Жасвант Анназаров, Улуғбек Отаназаров, Баҳром Норбоев, Ўролбой Яхшиликов, Оллоберган Оллоберганов сингари ёш авлод вакиллари томонидан ишланди. Аҳамиятлиси, бу ютуқлар ҳайкалтарошлик санъатида миллий истиқлол ғояси остида янги авлод шаклланганини англатади.

Жорий йилнинг 21 апрелида Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори маданий ҳаётимизда улкан воқелик бўлди. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишда миллий санъатимизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Ушбу қарор тасвирий санъат ривожида яна бир даврни бошлаб бергани билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда қарорнинг республика тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси изчил таъминланмоқда.

Ўтган даврда “Бадиий кўргазмалар дирекциясини жаҳон стандартларига мувофиқ мукаммал реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш”, Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш”, “Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи фаолиятини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш”, “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш” сингари ва бошқа 10 га яқин қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди. Мазкур йўналишлардаги ишлар изчил олиб борилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, жорий йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги юртимизда кенг нишонланади. Шу боис, Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан буюк рассом юбилейига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Тантанали тадбирлар қаторида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари Республика ижодий танловини ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, танлов Низоми ҳам тасдиқланди ва Бадиий академия расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди.

Шунингдек, Қарор ижроси доирасида “Хорижда сақланаётган Камолиддин Беҳзод ва унинг издошлари ижодига мансуб асарларнинг асл ёки кўчирма нусхаларини юртимизга қайтариш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди ва унинг ижросига масъул Ишчи гуруҳ аъзолари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан иш олиб бормоқда.

Сир эмаски, пандемия жаҳон бўйлаб маданият, санъат соҳасидаги жўшқин ҳаётни жиловлаб қўйди. Одатда мухлислар, томошабинлар билан гавжум бўладиган санъат масканлари, йирик галереялар ҳувиллаб қолди.

Лекин, инсоннинг санъатга бўлган эҳтиёжи ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Вазият қандай бўлмасин, бунга йўл топа олиши ҳам синовдан, ҳам тажрибадан ўтди. Энди инновацион технологиялар ишга тушди. Одамлар уйида ўтириб бемалол санъат масканларига визуал-виртуал “саёҳат” қилиб, санъатга бўлган ташналигини қондирмоқда.

Албатта, жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми бўлган мамлакатимизда ҳам пандемия даврида санъат аҳлининг оммавий тадбирлари, бадиий кўргазмалар маълум муддат тўхтаб қолганди. Лекин ёш, катта ижодкор, уста, рассомларимиз ўз мухлисларига мана шундай мураккаб вазиятда маънавий таянч бўлиб, янги ижодий изланишлардан баҳраманд этишда давом этдилар. Кўргазмаларини онлайн тарзда тақдим этиб бордилар.

Жорий этилган карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бўш вақтни мазмунли ўтказиш, аҳолининг турли қатламини тасвирий ва амалий санъат оламига қизиқтириш мақсадида “Уйда қолинг ва ижод қилинг”, “Ижод қиламиз, COVID-19 ни енгамиз!” шиори остида изланишни давом эттириб, асарларини ижтимоий тармоқларда намойиш этиб бордилар. Қизиқарли флэшмоблар, ижодий лойиҳалар уюштирилди. Улар сафида академик-устоз рассомлар қаторида ёш мўйқалам эгалари ҳам фаол иштирок этди.

Пандемия барчага дориломон, бехавотир кунлар қадрини билдирди. Рассомларимиз эса уйда қолиб, режада бўлган асарларини бемалол яратиш имконига эга бўлди.

Пандемия сабабли 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилига бағишланган анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўз тарихида илк бор онлайн тарзда ташкил этилди. Унда 14 та олий таълим муассасасидан 64 нафар, 27 та ўрта махсус таълим муассасасидан 332 нафар, жами 396 нафар ижодкор 2000 дан ортиқ асарлари билан иштирок этишга муваффақ бўлди.

Бадиий академияга қарашли Марказий кўргазмалар залида “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Менин Ўзбекистоним!” номли Республика бадиий кўргазмаси санъат аҳлига тақдим этилди.

Қолаверса, Тошкент фотосуратлар уйида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловнинг тасвирий санъат йўналишига доир кўргазма ташкил қилинди.

Рассомларимиз кўтаринки руҳда ўз ижодлари билан халқимизни тасвирий санъат олами гўзаллигидан баҳраманд қилишда давом этмоқда. Буларнинг бари ҳар қандай шароитда ҳам мўйқалам аҳли ижод, изланишда давом этганининг амалий исботидир.
 
Назокат УСМОНОВА, ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.