loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Онлайн илмий-амалий анжуман ўтказилди

Бугун, 27 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида магистратура мутахассислигида таҳсил олаётган ҳамда илмий-назарий масалалар устида тадқиқот олиб бораётган ижодкор ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Санъат ёшлар нигоҳида-IХ” деб номланган илмий-амалий онлайн конференция ўтказилди.

Конференцияни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев очиб берди.

Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов ўз сўзида ҳар қандай соҳанинг тараққий этишида назарий асос муҳим эканлигига эътибор қаратди, санъат оламига кириб бораётган мўйқалам устаси ижодини элга танитишда, соҳани янада ривожлантиришда бундай илмий конференцияларнинг аҳамияти катталигини таъкидлади, шунинг баробарида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасида ёшларга яратилган имкониятларга алоҳида тўхталиб, келажагимиз эгаларини бу шарт-шароитдан оқилона фойдаланишга, юксак марраларни забт этишга чорлади ҳамда омад тилади.

Онлайн анжуманда 14 та магистратура мутахассислигида таҳсил олаётган 111 нафар магистр тасвирий ва амалий санъат, дизайн, санъатшунослик, музейшунослик соҳасида замонавий бадиий жараёнлар, маданий меъросни сақлаб қолиш, мазкур йўналишларни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган изланишлар ҳамда муаммоларга бағишланган маърузалари билан иштирок этишди.

Жумладан, “Ўзбекистон анъанавий кашталаридаги орнаментларнинг таҳлили ва унинг аёллар либосларида қўлланилиши”, “Қўлёзма манбалар консервация ва реставрацияси: муаммолар ва унинг ечимига қаратилган таклифлар”, «Tошкентнинг ёдгорлик ва ибодат мажмуаларини оммалаштириш усуллари: саёҳат йўналишлари ва янги музей концепциясини ишлаб чиқиш», “Николай Карахан ижодида пейзажнинг ўрни”, “Рангтасвир фанини ўрганиш жараёнида замонавий ахборот технологиялардан фойдаланиш”, “Ҳунармандчиликнинг бадиий хусусиятлари бетакрорлик ва ўзига хосликнинг ифодаси сифатида”, “Ўзбек анимация санъатининг ривожланиш тарихи”, “Ўзбек анимацион фильмларида Алишер Навоий асарлариинг акс этиши”, “Туризмни ривожлантиришда инновацион шакллар”, “Ўзбекистонда маҳобатли рангтасвирнинг ривожи” сингари мавзуларда маърузалар ўқилди.

Ҳар бир маъруза соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилинди, қатнашчиларга илмий изланишларни янада ривожлантириш борасида тавсиялар берилди.

Ушбу маърузалар мақола шаклида алоҳида илмий тўпламда жамланиб нашр этилиши маълум қилинди.

Шу билан онлайн илмий-амалий анжуман ўз ишини якунлади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.