loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Педагоглар Бадиий академияда бўлишди

Шу кунларда Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Бадиий  академияси тасарруфидаги ихтисослаштирилган санъат мактаблари ва мактаб-интернатлари  тасвирий санъат йўналиши педагоглари учун малака ошириш дарслари давом этмоқда.

25-26 ноябрь кунлари малака ошириш курси тингловчилари бир гуруҳи Ўзбекистон Бадиий академиясига ташриф буюриб, Академияда яратилган шароит, меҳнат фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Таъкидлаш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги 1265-ф-сон фармойишига мувофиқ жорий йилда  Ўзбекистон Бадиий академияси жойлашган бино мукаммал таъмирдан чиқарилди, ходимларнинг самарали меҳнат фаолияти учун зарур шароит яратилди, зарур моддий-техник воситалар билан таъминланди.


Жумладан, бинода Бадиий академиянинг ўз санъат асарлари галереяси ташкил қилинди, ҳар бир қаватда ўзбек тасвирий санъатининг йирик намояндалари мўйқаламига мансуб асарлар илинди, конференц-зал, кутубхона, шинам ошхона бунёд этилди, маданий хордиқ учун жой ажратилди, бино ҳудуди янгидан кўкаламзорлаштирилди, манзарали дарахтлар ўтқазилди.




Маълумки, шу йил 21 апрелда Президентимизнинг  «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» тўғрисида ПҚ-4688-сон Қарори қабул қилинди.

Қарор ижроси доирасида 2022/2023 ўқув йилидан Бадиий академия ҳузурида Рассомлик маҳорат устахоналари (Рассомлик олий курслари) ўз фаолиятини бошлайди. Шу муносабат билан, Бадиий академия биносида маҳорат устахоналарига мўлжаллаб 10 та хона шай ҳолга келтирилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, академик Акмал Нуридинов тингловчиларни шу каби ўзгаришлар билан яқиндан таништирди.

– Кўриб турганингиздек, Бадиий академия биносининг ҳозирги қиёфаси, шароит аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Асосий мақсад – ижро  самарадорлигини, иш унумдорлигини таъминлаш. Бунга эса аввало, ходимларга муносиб шароит яратиб бериш орқали эришилади. Биз икки омилни уйғунлаштирдик – бино ҳам тизимни бошқарув, ҳам ижод маскани сифатида хизмат қилади, – деди А.Нуридинов ўз сўзида



Қизғин кечган танишув жараёнида ўзаро фикр-мулоҳаза алмашилди, меҳмонларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.