loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рангларда акс этган Ватан меҳри

Сирдарё вилояти Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқитувчиси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси  Ғанишер Норматов ҳамда унинг ўн нафар шогирди ижодий ишлари жамланган «Ватанимга меҳрим — қалбим рангларида» номли кўргазма очилди.  

Мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” ҳамда 14 Январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ушбу кўргазмада устоз ва шогирдларнинг 180 га яқин асарлари ўрин олди.

Кўргазманинг очилишида сўз олган вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Анорқул Бойбеков, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими масъул котиби, Сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева, Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори Баҳодир Бобоназаров, санъат ишқибози Дилфуза Дўстматовалар мусаввир ва унинг шогирдлари ижодига баркамоллик тиладилар.

Кўргазмада ўз асарлари билан фаол иштирок этган ёш рассомлар вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмасининг сертификатлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғ.Норматовнинг туркум портретларида замондошларимизнинг образлари, қалб дунёси, нуроний отахонлар қиёфаси жонлантирилган бўлса, пейзаж жанридаги асарларида Ватанимизнинг гўзал жамоли рангин бўёқларда тараннум этилган.

Рассом шогирдларининг мойбўёқ, сувбўёқ ва қаламтасвирда ишланган портрет, пейзаж ва график асарлари илк бор ҳавола этилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.