loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом галереяси очилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли рангтасвирчи рассом Ортиқали Қозоқовнинг 60 йиллик юбилейи арафасида 10 октябрь куни Наманган вилояти, Поп туманидаги Санг қишлоғида туғилиб ўсган, ижод қилган хонадонида шахсий галереяси очилди.               

Галереянинг очилиш тадбирида вилоят ,туман ҳокимлиги вакиллари,Наманган вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, зиёли вакиллар,шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброхим Валихўжаев иштирок этди.  Шу билан бирга Санг қишлоғи 100 дан ортиқ кексаю-ёшлари,мусиқа ва санъат мактаби ўқувчи ёшлари,Ортиқали Қозоқовнинг мактабдаги таълим-тарбия берган устозлари қатнашдилар.

Таниқли ўзбек рассоми Ортиқали Қозоқов 1960 йил 27 октябрда Наманган вилоятида дунёга келган. Атоқли ижодкор юксак мукофот – Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали (1997 йил) ҳамда Ватан равнақи йўлида қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони соҳибидир.

Рассомнинг шахсий кўргазмлари нафақат юртимиз, балки Вашингтон (1991), Москва (1994), Измир (1995), Нагано (1999), Любек (1997) каби қатор шаҳарларда намойиш қилинган. Ортиқали Қозоқовнинг асарлари Кипр, АҚШ, Франция, Италия, Япония, Буюк Британия, Испания, Бельгия, Туркия, Марокаш, Канада, Исроил, Нидерлания, Жанубий Корея сингари 25 га яқин хорижий давлатлар музейлари, бадиий галереялари ва хусусий тўпламлардан ўрин олган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг нуфузли идора ва муассасалари, музейларида қатор картиналари намойиш этилиб келинмокда. 100 га яқин республика ва халкаро кўргазмалар қатнашчиси.

1991 йилда Вашингтон (АҚШ), 1994 йилда Измир (Туркия), 1996 йилда Москва (Россия), 1997 йилда Любек (Германия), 1998 йилда Нагано (Япония), 2004 йилда Деҳли (Ҳиндистон), 2007 йилда Коҳира (Миср), 2008 йилда Эдирне (Туркия), 2011 йилда Милан (Италия), 2011 йилда Борнмут (Англия), 2013 йилда Инчон (Корея), 2014 йилда Салоники (Греция), 2015 йилда Казерта (Италия), 2016 йилда Париж-Сансоре (Франция), 2017 йилда Тайпей (Тайвань), 2019 йил Никосия (Кипр) шаҳарларида шахсий кўргазмалари ташкил этилган.

Ижоди ҳақида китоблар, монографик альбомлар нашр этилган, ҳужжатли фильм суратга олинган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.