loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом Исфандиёр Ҳайдар ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга Ўзбекистон Бадиий академиясининг расмий муносабати

Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил топганидан бери юртимизда тасвирий ва амалий санъатни янада ривожлантириш, ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириб келмоқда.

Бундай вазифалар доирасида нафақат пойтахтимизда, балки вилоятлардаги санъат галереяларида ҳам рассомларнинг шахсий ва ижодий кўргазмалари мунтазам ўтказиб келинмоқда, уларнинг ижодий фаолияти оммага кенгроқ танитиб борилаяпти.

Хусусан, узоқ йиллардан бери ижод қилиб келаётган Исфандиёр Ҳайдар (Ҳайдаров) нинг ўзбек тасвирий санъати ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини инобатга олган ҳолда ҳамда ижодкорни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2015 йилнинг 10-19 июль кунлари тасарруфдаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида унинг шахсий кўргазмаси ташкил қилинди. “Сеҳрли диёр” деб номланган ушбу кўргазмада мусаввирнинг 50 дан  зиёд ижодий ишлари намойиш этилгани юқоридаги сўзимизнинг ёрқин далилидир.

Шу жиҳатдан ҳам, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рассом Исфандиёр Ҳайдарнинг гўё “ўз юртида дарбадар”лиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар  ҳақиқатга тўғри келмайди.

Хабарда кўтарилган устахона масаласида шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, рассомнинг бугунги кунда устахонасиз эканлиги унинг Бадиий академия томонидан эътиборсиз қолдирилганини англатмайди. Рассомларга илгари берилган устахоналар хусусийлаштирилгани натижасида Бадиий академия тасарруфидан чиқиб кетган.

Айни пайтда, Ўзбекистон Бадиий академияси тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш, академик бадиий таълим изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга ваколатли бўлган давлат ижодий муассасаси ҳисобланади ва Бадиий академия  рассомларни устахона билан таъминлаш ваколатига эга эмас.

photo_2020-09-22_12-59-22
11

Шу йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси масъуллари рассом Исфандиёр Ҳайдар хонадонида бўлиб, бу ҳақида тушунтириш бердилар. Ўзаро суҳбат чоғида яқин ойлар ичида рассомнинг келгуси кўргазмасини ташкил қилиш борасида фикр алмашилди, Бадиий академия ўз ваколати доирасида бу борада тегишли кўмак беришга тайёр эканлиги маълум қилинди.

Сўнгги йилларда тасвирий ва амалий санъатимизни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани сабабли соҳага доир муаммолар бирин-кетин ўз ечимини топаяпти. Рассом-ижодкорларга янада муносиб шароитлар яратиш олдимизда устувор вазифа бўлиб қолаверади.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.