loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Сабина тақдирланди

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Бухоро ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори Ихтиёр Баракаев буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги тантаналари доирасида ўтказилган “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъат асарлари танловининг Республика босқичи «Энг яхши амалий санъат асари учун» номинацияси иккинчи йўналиши ғолибаси, мазкур мактаб ўқувчиси Сабина Нусратиллаевага танлов дипломи ва совғаларини топширди.

Мазкур танловнинг асосий мақсади – миниатюра ва халқ амалий санъати соҳаларида миллий меросимизни тиклаш, Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари бой ижодий меросини халқимизга тўла етказиш, миллий санъатимизнинг келажагини таъминловчи ёш истеъдодларни излаб топиш, ёш истеъдодларни тасвирий ва амалий санъат асарларини янги ижодий услубларда яратишга йўналтиришдан иборат.

Изланувчан ва истеъдодли Сабина 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилига бағишлаб Бадиий академия томонидан ўтказилган Тасвирий ва амалий санъат I онлайн фестивалида ҳам “Сомондан яратилган энг яхши асар” йўналиши ғолибаси, деб топилган эди.

Мактаб директори И.Баракаев бугунги кунда юртимизда ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган имкониятлар Сабина сингари юзлаб келажак эгалари учун улкан рағбат бўлаётганини алоҳида таъкидлаб, унга келгуси ижодий фаолиятида муваффақият тилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.