loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Серқирра ижод соҳиби

18 август афсонавий ва севимли ўзбек рассоми Чингиз Аҳмаров таваллуд топган кун.

Чингиз Аҳмаров (1912 – 1995 й.) ўзбек миллий санъатининг бой меросига беқиёс ҳисса қўшган улкан санъаткордир. Унинг ижоди Ўзбекистон санъатининг энг ёрқин саҳифаларидан биридир.

Серқирра ижод соҳиби бўлмиш Чингиз Аҳмаров қарийб ярим асрлик ижодий фаолияти мобайнида юзлаб график асарлар – китобларга иллюстрациялар, ўнлаб портрет ва тематик асарлар, спектакль ва кинофильмлар учун декорациялар эскизлари ҳамда нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатларда ҳам бир қатор деворий санъат асарларини яратди.

Рассом томонидан Самарқанд шаҳрида Улуғбек обсерваторияси яқинидаги Улуғбек музейида монументал-декоратив паннолар серияси ижод қилинди.

Тошкентдаги “Алишер Навоий” номли метро бекати, шарқшунослик ва санъатшунослик институтлари, Алишер Навоий номидаги адабиёт ва санъат музейи, Сочи шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийси, Москвадаги “Киевская” метро бекати ва бошқа ҳашаматли бинолар Аҳмаровнинг бетакрор ижоди билан жило топиб, ҳанузгача инсонларнинг нигоҳини қувонтириб келмоқда.

Чингиз Аҳмаров узоқ йиллар давомида Республика рассомлик коллежида ва Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида дарс бериб, кўплаб иқтидорли рассомларни етиштирди.

Чингиз Аҳмаров ҳақида сўз кетганида, у кишини Навоий ижодидан куч олган рассом, деб таърифлашади. 

Рассом юртимизнинг кўҳна шаҳарларидаги қадимий меъморий обидалар билан танишиб, тарих, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат меросини пухта ўрганишга астойдил интилган. Гўзалликнинг асл моҳияти, унинг сирларини англашга бўлган интилиш мусаввирни Навоий ижодига чуқурроқ кириб боришга ундаган.

Мўйқалам соҳиби асарларидаги миллий руҳнинг устуворлиги ҳам унинг Навоий ижодига меҳри, чексиз эҳтироми сабаблидир.

– Чингиз Аҳмаров асарлари, мўъжаз чизгилари, турли расмлари тасвирий санъат ихлосмандлари томонидан чуқур қадрланади, – дейди Ўзбекистон халқ рассоми, академик Жавлон Умарбеков. – Мен ҳам унинг ижодидан илҳомланганман. Устоз асарлари ҳар бир инсонни эзгуликка, олижанобликка, гўзалликка ошно этиши билан қимматлидир.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.