loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасвирий санъатда стратегиялар мавзуида вебинар

19 май куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “ZOOM” платформаси орқали “Замонавий Марказий Осиё санъатининг стратегиялари” мавзусидаги академик маъруза-вебинар бўлиб ўтди.

Вебинар мамлакатимизда  “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросини амалга ошириш ҳамда “Ёшларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришда тасвирий санъат имкониятларининг татбиқи” номли илмий-амалий тадқиқот грантида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида ташкил этилди.

Унда бундай вебинарлар аввало, санъат ривожи, қолаверса, ёш мутахассисларнинг келгуси изланишлари учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Вебинарда Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Ҳакимов “Замонавий Марказий Осиё санъатининг стратегиялари” мавзусида маъруза қилди.

Мазкур маърузада Марказий Осиё санъати асрий анъаналар ҳамда янги тенденциялар ҳисобига ривожланиб бораётганига алоҳида эътибор қаратилди, замонавий санъат стратегияси ҳақида атрофлича сўз юритилди. Замонавий рангтасвирнинг бугунги кундаги ривожи, ижодкорларнинг йўналиш ва услублари, шунингдек, жаҳонда рўй бераётган ижтимоий жараёнларнинг ижодий муҳитга таъсири хусусида маълумотлар ўртага ташланди. Минтақа давлатлари санъатида кечаётган жараёнлар таҳлил қилинди.

Вебинарда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари, докторантлари, магистрантлари, талабалари билан бир қаторда  Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти вакиллари иштирок этди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.