loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёш вакилларимиз халқаро танловда ғолиб бўлишди

Шу йилнинг 27-29 ноябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Толдиқўрғон шаҳрида I халқаро “Виртуозы Жетысу» («Еттисув истеъдодлари») танлови бўлиб ўтди. Мазкур танловда Россия, Корея Республикаси, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон ёш ижодкорлари қаторида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ўқувчилари ҳам қатнашди.

151 нафар созанда иштирок этган мазкур халқаро танлов икки босқичда ўтди. Биринчи босқичда ўз ижрочилик салоҳиятини кўрсатган ижрочилар, иккинчи босқичда қозоқ халқ чолғулари оркестри билан бор маҳоратларини намойиш этдилар.

Юртимизнинг ёш вакиллари – Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг мусиқа бўлими 10в-синф ўқувчиси Самандар Исматуллаев ва 9а-синф ўқувчиси Хосият Ҳамиджонова ижро дастурида халқимизнинг миллий ва жаҳон дурдона асарларини юксак маҳорат билан ижро этдилар. Вакилларимизнинг ижродаги техник маҳорати, услуби, асарларни мазмунан тўлиқ ёритиб бергани танлов ҳайъат аъзолари эътирофига сазовор бўлди.

Ушбу халқаро танловда Самандар ва Хосият Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати халқ чолғулари дутор синфи ўқитувчиси Насиба Содиқова раҳбарлигида иштирок этди. Ғолиб ўқувчиларимиз ўз муваффақиятлари замирида устоз-мураббий Н.Содиқованинг хизматлари катта эканини мамнуният билан таъкидладилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.