loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ёш рассомнинг онлайн кўргазмаси

Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъат музейида ёш рассом Фазлиддин Анваровнинг 18 май – Халқаро музейлар кунига бағишланган “Парвоз” номли илк шахсий онлайн кўргазмаси очилди.

Экспозицияда намойишга қўйилган 50 дан ортиқ асарлар тасвирий санъатдаги анъаналарни давом эттирган ҳолда ўзида турли ранглар тусидаги чизиқлар уйғунлашувини ифодалайди.

Жумладан, “Безакли натюрморт”, “Миллий натюрморт”, “Санкт-Петербург”, “Океан”, “Соҳил” асарларида тасвирланаётган матодаги ҳар бир товушни тинглаётгандек, чизиқлар ҳаракатини ҳис этиш мумкин.

Фазлиддин Анваров ҳозирда П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактабининг амалий графика йўналишида 3-босқичда ўқийди. Ёш рассом Ботир Пахруддинов, Шухрат Исломов, Гулирано Мирхамедова, Дилафруз Мамарасулова, Зухраой Ғофурова, Маҳбуба Ғуломова каби иқтидорли устозлар ва усталар қўлида таҳсил олмоқда.

Фазлиддин қатор танловларда иштирок этиб, совринли ўринлар, диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. 2015 йил “Камалак юлдузлари” туман болалар ижодий саралаш фестивалида, кейинчалик кейинги саралаш босқичида иштирок этади ва иккита диплом билан тақдирланади.

2019 йилда анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали олтин медали соҳиби. 2019 йилда яна Санкт-Петербургдаги «Петровский Парадиз» халқаро танловида иштирок этиб, Гран-Прига муносиб топилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.