loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон тасвирий санъати оғир жудоликка учради

Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси,  Ўзбекистон халқ устаси, кўҳна Шарқ миниатюра санъатининг юртимиздаги улкан вакили Ниёзали Холматов 20 март куни 73  ёшида вафот этди.

Ўзбекистонда лок миниатюрасига асос солган усталардан бири Ниёзали Холматов миллий тарихимизни, шонли ўтмишимизни нафақат англаш, балки Шарқ маънавиятини қалбдан ҳис қиладиган, унинг асл қадриятлари қаърига чуқурроқ кириб боришга интиладиган, асарларида шарқона турмуш тарзи, унинг янгиланиб бораётган анъаналаридан баҳраманд этишга ўз онгли ҳаётини бағишлаган рассомлардан бири эди.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа қишлоғида дунёга келган Ниёзали Холматовнинг рассом сифатида ўсиб улғайиши бошқа ўзбек мусаввирлариникидан фарқ қилмайди. Андижондаги интернатда ташкил этилган тасвирий санъат тўгарагидаги машғулотларга қатнашиб, машҳур мусаввирлар яратган тасвирий санъат асарларига қизиқиб қолган бўлғуси мусаввирда Москва рассомлик-саноат билим юртида ўқиётганида бу қизиқиш янада кучайди. Чунки, у бу ерда илк бор локли рангтасвир санъати ҳамда жаҳон санъатидаги ноёб ҳодиса – Шарқ миниатюраси намуналарига дуч келди ва бу сирли оламни сабр-бардош билан ўрганди. Н.Холматовнинг диплом иши ҳам Шарқ миниатюраси услубида бажарилган эди.

Ўрта асрлар мусаввирлари асарларидан нусха кўчирмаган ҳолда, миниатюра санъатига янги ҳаёт бахш этиш усулини топган Н.Холматов кейинчалик машҳур ўзбек мусаввири Чингиз Ахмаров раҳбарлик қилган ижодий гуруҳнинг аъзоси сифатида фаолият олиб борди. Гуруҳ аъзолари лок миниатюраси санъатини тиклаш йўлида тинимсиз изланди. Н.Холматов ижоди, унинг асарлари замонавий санъатда тарихий миниатюра анъаналарини намоён этиш йўлини белгилаб бергани мана шундай изланишларнинг самарасидир. У маҳаллий миниатюра мактабларига хос қатъий тартиб-қоидалардан чекинган ҳолда, лок миниатюрасининг технологик жараёнига ҳам, ушбу йўналишдаги асарларнинг образли ечимига ҳам ўзига хос янгилик киритди.

Н.Холматов сингари усталарнинг изланишлари туфайли мустақиллик йилларида Ўзбекистонда миниатюра нафақат оддий анъана ёки санъат тури, балки ўзида лок миниатюраси, деворий расм, қоғоз, матога, чизилган миниатюрани мужассам этган бадиий-услубий йўналишга айланди.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Н.Холматов Ўзбекистондаги рассомлар орасида биринчилардан бўлиб ўз асарларида тасаввуфона ғояларни ифодалади. Бу таълимот ўрта асрларда бадиий ижодга, кишиларнинг маънавий-ахлоқий қарашларига самарали таъсир кўрсатган. Н.Холматов ушбу улкан ҳодисани чуқур ҳис қилган ва буни замонавий Ўзбекистон санъатида кўрсатиш зарурлигини англаган ижодкор эди. Н.Холматовнинг асарларини кузатар экансиз, у тасаввуф таълимоти моҳиятини чуқур ҳис этгани билинади. Мусаввирнинг “Бебаҳо дунё” асари шундай дейиш учун тўла асос бўла олади.

Н.Холматов Шарқ миниатюраси анъаналари асосида яратган асарларида Шарқ рассоми сифатида кўринди. У воқеликни Шарқ санъати поэтикаси, унга хос анъана, қонун-қоидалар асосида гавдалантирди. Рассом бунга ўрта асрлар Шарқ бадиий ижодидаги шеърият, миниатюра, хаттотлик, нақш санъат асосини белгилаган аруз тизимини ўрганиш орқали эришди. Шунинг учун ижодкор ўз асарларида санъатнинг ноёб турини “қотиб” қолган тарзда эмас, балки анъанавий миниатюра санъатига янги нафас, янги ҳаёт бахш этган ҳолда кўрсатди.

Ниёзали Холматов халқ амалий санъати, хусусан заргарлик санъатида ҳам ўзига хос услуб яратди. Ниёзали Холматов – ўз ижодий “дастхат”ига эга рассом эди. Унинг “дастхат”и Ўзбекистондаги бошқа бир рассомникига ўхшамайди. Бу у яратган асарларнинг бадиий услубидагина эмас, уларда ифодаланган фалсафий мазмун, борлиқни англаш борасидаги изланишларда ҳам аниқ билиниб туради. У серқирра ижодкор бўлса-да, лок миниатюраси, заргарлик санъати, маҳобатли деворий безак, китобларга чизган расмлари, дастгоҳли асарларида ҳам унинг ўзига хос услуби, теран нигоҳи яққол сезилади. Ижодкор барча асарларида тарихий анъаналарга эҳтиром билан қараб, уларга ижодий ёндашди. Шунинг учун у яратган асарлар таъсирчан ва маънодор.

Бугун шуни комил ишонч ва фахр билан айтиш мумкинки, рассом ўз ортидан ноёб тарихий-маданий мерос анъаналари билан йўғрилган ижодий ишларни, замонавий санъат ривожига муносиб улуш бўлган янгиликларини мерос қолдирди. Нафақат юртимиз, балки дунёнинг турли давлатларида, жумладан, Бишкек, Геттенген, Айблинг, Аугсбург, Ганновер каби ва бошқа шаҳарларда шахсий кўргазмалари ўтказди, ўзбек миниатюра санъатининг янги қирраларини намойиш этди.

Ниёзали Холматов улкан ижодкор баробарида қалби кенг, камтарин, беозор, устоз йўлини тутган шогирдларга ниҳоятда меҳрибон, қўлидан келадиган ёрдамини аямайдиган инсон эди. Бетакрор мусаввир ҳаёти давомида маҳоратли педагог сифатида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ҳам фаолият юритди, кўплаб қиз-ўғил шогирдлар етиштирди, тарбиялади. Қадимий Самарқанд қоғозини тайёрлаш технологиясини ўзига хос услубда йўлга қўйган ижодкор, авлодларга етказиш учун Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ҳормай-толмай ёшларга  маҳорат дарсларини йўлга қўйган эди. Унинг шогирдлари бугунги кунда устоз ижодини қадрлаб, миниатюра санъатида изланиш ва ижодни муносиб давом эттириб келмоқдалар. Бу бизда фахр ҳиссини уйғотади.

Ажойиб рассомнинг оила аъзоларига, у кишини билган, санъатидан баҳраманд бўлган барча-барчага мана шундай оғир йўқотиш онларида чуқур ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.

 Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаcи

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.