loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбек рангшунослигининг чўққиси

25 май – Халқ рассоми, Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон рассомлар уюшмасининг раиси (1956-1959 й.) Ўрол Тансиқбоев таваллуд топган кун.

Тошкентда туғилган. Етти йиллик мактабни тугатиб, заводга ишга киради. Йигирма ёшидан расм чизишни бошлайди. Тошкентдаги санъат музейи қошидаги биринчи ўқитувчиси (1923-1927 йиллар) Н. В. Розанов бўлган.

1928 – 1929 йиллар Ўрол Тансоқбоев Пенза рассомчилик олийгоҳида И. С. Горюшкин-Сорокопудов қўлида таҳсил олади.

1929 йил Москва шаҳрига ташриф буюриб, рассом музейлар билан танишади, унда чуқур таассуротлар қолдирган замонавий Ғарбий Европа санъатини кўради. Шу вақтдан эътиборан, бетиним изланишлар, мустақил йўналиш танлови сари интилишлар бошланади.

Тансиқбоев – Европа маданиятига юзланиб, европача авангард усулларини эгаллаган, ўзгача дунёқараш ила ёрқин шахсият шакллантирган чинакам миллий руҳдаги илк рассом. Ўрол Тансиқбоевнинг маҳорат тажрибаси у яшаган ва ижод қилган даврнинг бадиий моҳиятида тушунилади. Ўша йилларда замонавий ўзбек рассомчилик санъати шаклланиш бўсағасида турган ва у илк қалдирғоч бўлган. Ушбу жараёнларда П. Беньков, A. Волков, М. Курзин, Н. Кашина, А. Николаев, B. Уфимцев каби рассомлар алоҳида ўринга эга, зотан, улар ўз ижоди орқали миллий мактабнинг юқори даражасини аниқлаб беришган.

1934 йил Москва ҳамда Филадельфияда бўлиб ўтган Ўзбекистон санъат асарлари кўргазмасидан сўнг уни “ўзбек рангшунослигининг чўққиси”, деб атай бошлашган. Йиллар ўтгани сари унинг ижодида воқелик йўналишидаги манзара тасвирига майлини кучлироқ намоён эта бошлайди. У инсон ва табиат ғоясини ўз асарлари орқали етказади.

Санъатшуносларнинг таъкидлашича, Ўрол Тансиқбоев ўзининг ижодий изланишлари туфайли ўзбек манзарашунослик санъатини бутунлай ўзгартирган, пленэр этюди доирасидан четлашиб, манзара-картинасини яратган.

ХХ аср мобайнида у миллий манзарашунослик ривожини белгилаб берди, янги асрда эса унинг ретроспектив юбилейи – ўзбек миллий тасвирий санъатини замонавийлик билан боғловчи, изчилликни тиклови муҳим ҳодисалардан бири бўлди.

Йиллар ўтгани сайин, унинг асарлари томошабинларга катта эстетик завқ ҳадя этиши билан бирга, ўз даврига хос санъатга қўйган қадами билан ҳам ўлчаниб, устанинг тарихий аҳамиятида янги маънога эга бўлади.

Ўрол Тансиқбоев Ўзбекистондаги бошқа санъат асосчилари каби мушкул, оғир йилларда, дунёда уруш ва бошқа драматик ҳодисалар юз берган вақтларда ҳаёт кечирган. Рассом уларни четлаб ўтмай, уларда санъатнинг гўзал саҳифаларига бўлган ишончни уқтирган. Ўз даврининг оғир масалаларига у муносиб тарзда жавоб қайтарди.

Рассомнинг энг яхши асарлари эса – миллий маданият тарихидаги атоқли устанинг маҳоратидан далолатдир.

Ўрол Тансиқбоев 1974 йил 18 апрелда вафот этган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.