loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

1 октябрь -Ўқитувчи ва мураббийлар кунига табрик

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридиновнинг байрам табриги

Олим ва улкан давлат арбоби Муҳаммад Ризо Огаҳий айтадики, устоз илм бериш орқали киши номини улуғлаб, авлодлар қалбида қолдиради ва унга иккинчи ҳаёт бағишлайди.

Дарҳақиқат, инсонни камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш фазилатларини сингдиришда, муносиб фуқаро сифатида жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашида ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Ҳар бобда адолат мезонига таяниб сиёсат юритган соҳибқирон Амир Темур, шоирларнинг султони Ҳазрат Алишер Навоий, маърифатли ҳукмдор Мирзо Улуғбек, буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод сингари жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизни ҳам устоз ва мураббийлар тарбиялаган.

Бугун жаҳон шоҳсупаларида юртимиз байроғини баланд кўтариб, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этаётган навқирон фарзандларимизнинг ғалаба нашидаси ортида ҳам меҳрибон мураббийларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати турибди, десак асло янглишмаган бўламиз.

Соҳамиз нуқтаи назаридан сўз юритсак, шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий тасвирий санъатимизга бўлган юксак эътибори, ғамхўрлиги натижасида тасарруфимиздаги таълим муассасаларида мураббийларимиз тарбиялаётган ёш истеъдодлар жаҳон санъат майдонида ижодий салоҳиятини муносиб намоён қилишмоқда.

Ўқитувчи ва мураббийларимиз тарбиялаб, ҳаётга учирма қилаётган малакали мутахассислар республикамизда йўлга қўйилган бадиий таълим тизими самарадорлигининг амалдаги ёрқин ифодаси, қолаверса миллий бойлигимиздир.

Сир эмас, коронавирус пандемияси инсонлар ҳаёт тарзини тубдан ўзгартириб юборгани сингари, таълим тизимида ҳам кутилмаган шароитга тезкор мослашишга ва янги форматга ўтиб, масофали, онлайн ўқитиш тажрибасини қўллашга мажбур қилди.

Таълим-тарбия соҳасида, фарзандларимиз ҳаётида бошланган шундай янги шароитда устоз-мураббийларимиз илм беришдек эзгу вазифани шараф ва юксак масъулият билан фидокорона адо этиб келаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан, Сизлар каби фидойи инсонлар, келажак бунёдкорларига ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси номидан яна бир бор табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда каттадан катта муваффақиятлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.