loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

21 октябрь – «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун 

Бугун, 20 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Aли йиғилганларни ўзбек тили байрами куни билан қутлар экан, ижодкорлар доимо тилимизнинг қадри бундан-да юксак бўлиши учун ҳисса қўшишлари лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда Институт тиллар ва адабиёт кафедрасининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, ўзбек тилининг бугунги ижтимоий-сиёсий, маъанавий ҳаётимиздаги ўрни, аҳамияти тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир давомида институт талабалари Адиблар хиёбонида адибларимизнинг портретлари ҳамда улар яратган ижодий асарлар асосида образларни яратишди. Шунингдек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Зулфия ва бошқа адибларимиз ижодидан намуналар ўқиб беришди.

Айниқса, институтда таҳсил олаётган русийзабон талабалар томонидан ўқиб берилган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.

Шунингдек,тадбирда институт талаба-ёшлари учун «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» шиори остида ташкил этилган ижодий кўрик танловнинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда ушбу тадбирни ташкил этишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ талабалар институт раҳбарияти томонидан диплом, сертификат ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Институтнинг ўзида ҳам 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тадбирлар давом этмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.