loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

5 муҳим ташаббус ижросига қаратилган лойиҳалар

25 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Анжуманлар залида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси” ижросини таъминлаш доирасида 2019 йилда амалга оширилган лойиҳалар сарҳисобига бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда республика миқёсида лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этган таниқли рассомлар, Ўзбекистон Бадиий академияси, қатор вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда келажагимиз эгалари – ёшларимиз таълим-тарбияси учун яратилаётган замонавий шарт-шароит ва имкониятлар уларни келажагимизнинг муносиб ворислари бўлиб камол топтиришга хизмат қилади. Бу борада, айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус алоҳида ўрин тутади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди.

Хусусан, Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Жорий йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси бўйича имплементация стратегиясини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди.

Мазкур Режанинг 9-10-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда «Ўзбекистон манзаралари» акцияси йўлга қўйилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад ҳам асосан номутахассис ёшлар аудиториясини санъат турларига жалб қилиш, ҳусусан, тасвирий ва амалий санъатга бўлган қизиқишини уйғотиш, уларда эстетик дидни шакллантириш, касбга йўналтириш, истеъдодини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Лойиҳа талабига кўра мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари тарбияланувчи ва ўқувчи-талабалари учун ижодкорларнинг шахсий устахоналарида ижодий учрашув ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилиши кўзда тутилган.

— Мазкур лойиҳа доирасида ўтказилаётган ижодий учрашувларнинг айнан рассомлар устахоналарида ташкил этилиши бежиз эмас, албатта. Ёшларга ҳақиқий ижодий муҳитни кўрсатиш орқалигина тасвирий санъат оламини англашлари учун янада кенгроқ имконият яратишга, ушбу касбга бўлган чин маънодаги муҳаббатни уйғотишга эришиш мумкин, — деб таъкидлади Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов.

Қайд этилганидек, лойиҳа доирасида республикамиз ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблар ўқувчилари ва турли соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли устоз ижодкорлар, академик рассомлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. Улкан ижодий тажрибага эга мураббий мўйқалам усталари томонидан олиб борилган машғулотларда ёшлар тасвирий санъатга оид фикрларни тингладилар, ўз тасаввурларини бойитдилар. Қолаверса, ўзлари танлаган мавзуларни рангларда акс эттиришда маҳорат мактабини ўтадилар.

Пресс-брифингда сўз олган мазкур лойиҳалар куратори Д.Мирхусанова лойиҳанинг амалиётга тадбиқ этилганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, уни амалга оширишда ҳайриҳоҳлик билдирувчилар сони тобора ортиб бораётганини айтиб ўтди. — Жорий йилнинг октябрь ойида лойиҳа иштирокчилари 280 нафарни (улардан 10 фоизи номутахассислар), ноябрь ойида 493 нафарни (улардан 49 фоизи номутахассислар) ва декабрь ойига келиб эса 520 нафарни (улардан 70 фоизи номутахассис) ташкил этади. Ушбу кўрсаткичлар, октябрь ойига нисбатан декабрда 60 фоизга ошганидан далолат беради, — деди Д.Мирхусанова.

5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказиб келинаётган яна бир лойиҳа бу “Ўзбекистон манзаралари” акциясидир. Акцияни ўтказишдан кўзланган мақсад амалий санъат усталари ва рассомлар иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил этилиб, табиат манзараларини тасвирлаш ва яратилган асарларни туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун тавсия этишдан иборат. Акция давомида яратилган асарлардан ташкил топган кўргазма 2020 йилнинг январь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Кўргазмага тақдим этилган асарлар орасидан энг сара асарлар танлаб олинади ва альбом учун тавсия этилади. Мазкур акциянинг ҳам кўрсаткичларига назар солинадиган бўлса, октябрь ойида 2 та вилоятда, ноябрь ойида 5 та вилоятда, декабрь ойининг қорли, изғирин кунларига қарамай 10 та вилоятда пленэрлар ташкил этилиб, бетакрор Она Ватанимизнинг сўлим гўшалари рассомларимиз асарларида ўз ифодасини топди.

Тадбирда иштирокчиларга “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси ҳамда “Ўзбекистон манзаралари” акциясидан фотосуратлар, видеолардан ишланган презентация ҳам намойиш этилди.

Брифингда ҳар иккала лойиҳа ҳам келаётган 2020 йил якунига қадар давом этиши маълум қилинди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.