Avtor: admin

Akademiya

12.09.2012 | Bo`lim:

Имконият, истеъдод, рағбат

Юртимизда қад ростлаган маданият ва санъат кошоналари, кўргазма заллари, ихтисослашган таълим даргоҳлари миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг юксалишига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Бадиий академияси ана шулардан биридир.  Бу ерда тасвирий ва амалий санъат усталари, иқтидорли ёшлар ижодини тарғиб этиш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш асносида дунё тан олган машҳур ижодкорлар билан  ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, уларнинг ижодидан хабардор бўлишга алоҳида эътибор қаратилади.

Таъкидлаш керакки, ўтган йили Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан  мамлакатимизда 177 та, жумладан, 26 та республика, 9 та хорижий, 16 та кўчма кўргазма, фестиваль ва танловлар ташкил этилди. Бундай  тадбирларда  рассом ва ҳайкалтарошлар, амалий санъат усталари ҳамда истеъдодли ёшларнинг 12483 дан ортиқ ижодий ишлари намойишга қўйилди. Шунингдек, “Ватан равнақи оиладан бошланади”, “Кексалар — оила чироғи”, “Инсон маънавияти манбаи — онага муҳаббат, ота намунаси, аждодлар заковати” каби мавзуларда кўргазмалар, учрашув, кўрик-танлов  ва  давра суҳбатлари  ўтказилди. Уларда соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган ва санъат ихлосмандлари орасида ҳурмат-эътибор топган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди тараннум этилди. Қолаверса, “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”, ушбу тадбир доирасида уюштирилган Япония маданияти кунлари, Мустақиллик байрами арафасидаги “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним, гўзал  —Ўзбекистоним!”, “Энг улуғ, энг азиз” мавзуидаги бадиий ва фотокўргазмалар  республика маданий ҳаётида йирик воқеа бўлди, десак адашмаймиз.

Бадиий ижодиёт, умуман амалий ва бадиий санъат ривожини эртамиз эгалари бўлган ёш истеъдод соҳибларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бинобарин, Бадиий академия ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказилган “Ёшлар ҳафталиги”нинг муҳим лойиҳаларидан бири, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган “Ёшлар модаси ва дизайн фестивали”да ҳам тизим таълим муассасаларида дизайн йўналиши бўйича таҳсил олаётган кўплаб  иқтидорлилар кашф этилди. Фестиваль давомида “Батик жозибаси”, “Модадаги сиймолар”  кўргазмалари, маҳорат дарслари, модалар намойиши ҳамда ёш дизайнерларнинг гала-дефильесида тақдим этилган замонавий, миллий, жаҳон модалари асосида яратилган либослар, халқ амалий санъати намуналари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Биргина ўтган йили жаҳоннинг ўндан зиёд ривожланган мамлакатлари билан ижодий ҳамкорлик асосида ёш дизайнер, рассом ва ҳайкалтарошлар ижодий сафар, малака ошириш ва таҳсил олиш учун Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Сингапур, Бангладеш, Япония, Италия, АҚШ, Хитой, Франция, Латвия каби давлатларга юборилди. Бу сингари халқаро ҳамкорлик юртимиз ижодкорларининг хорижда, уларнинг эса  юртимизда турли кўргазмалар, биеннале ва фестивалларда иштирок этишларида имконият яратди. Қолаверса, бундай ижодий ҳамкорликлар ёш ижодкорларнинг  жаҳон тасвирий санъати олами ҳақидаги тасаввурларини бойитмоқда.

Қувонарлиси, бугунги кунда Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасасаларида Инвестиция дастури доирасида бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Андижон вилоятларида жойлашган ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларида реконструкция ишлари, Гулистон шаҳридаги  ана шундай таълим масканида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилди. Шунингдек, Давлат Инвестиция дастурига киритилган бир қатор таълим муассасаларида қурилиш ва монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишларининг изчиллиги эса келажакда соҳада улкан муваффақиятларга замин ҳозирлаши шубҳасиз.

Биламизки, қаерда инсон омилига эътибор юқори бўлса, унинг меҳнати қадрланса ўша ерда интилиш, юксалиш, айни пайтда муваффақият бўлади. Ижодкорларимиз меҳнатининг ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланаётгани, рағбатлантирилаётгани уларнинг янада самарали ишлашларига, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишларига илҳомлантирмоқда. Ўтган йили Мустақиллик байрами арафасида олти нафар ижодкорларимизнинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани фикримиз исботидир. Мақсадимиз, миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз бардавомлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдир.

Акмал НУРИДИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми.

Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси.