Блог 2013
Автор: admin

Ижодкорнинг совғаси

31.05.2018 | Рубрика:
_MG_3828

Ўзбекистон тасвирий санъат галереясининг Тақдимотлар залида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор, Россия Бадиий академиясининг академиги Алишер Мирзонинг графика йўналишида яратган асарларига бағишланган альбом тақдимоти бўлиб ўтди.  Алишер Мирзонинг шахсий кўргазмалари 1977 йилдан то ҳозирги кунга қадар дунёнинг энг ривожланган давлатлари — Германия, Франция, АҚШ, Россия, Болгария, Югославия, Ҳиндистон, Сурия, Корея, Норвегия, Литва, Ўзбекистонда бўлиб ўтган ҳамда тасвирий санъат ихлосмандларининг юксак эътирофига сазовор бўлган.

 Рассомнинг кўплаб асарлари дунёнинг машҳур музей ҳамда галереяларида сақланиб келинмоқда.

_MG_3780 _MG_3775 _MG_3790 _MG_3806

 Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Мирзо тасвирий санъатнинг барча турлари – рангтасвир, пастель, қаламтасвир, маҳобатли рангтасвир соҳаларида  самарали ижод қилиб келаётганини, изланувчанлиги, меҳнаткашлиги соҳада ёш авлодга муносиб ўрнак эканини таъкидлаб ўтдилар.

     Алишер Мирзо 1948 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йилда П.П.Беньков  номидаги Республика  рассомлик билим юртини, 1974 йилда   В.И.Суриков номидаги Москва Давлат бадиий институтини тамомлаган.

 Мусаввирнинг ижоди кўплаб мукофотлар, унвонлар билан эътироф этилган. Алишер Мирзо – Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибидир.

_MG_3802 _MG_3825 _MG_3833 _MG_3830

  Альбомда мусаввирнинг баракали ижодий фаолияти давомида турли йилларда яратилган пастель, қаламтасвир, рангтасвир асарлар ўзига хос тарзда тизимлаштирилган.

          Шаҳноза Қосимова  томонидан тартибланган, Алишер Мирзонинг тасвирий санъатнинг бир неча турлари бўйича тажрибаларидан асарлар жамланган, “HILOL-NASHR” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу манба бу йил табаррук 70 ёшни қаршилаган мусаввирнинг ижодий фаолияти билан қизиқувчи санъат ихлосмандларига ўзига хос совға бўлди.

_MG_3837 _MG_3828

          Алишер Мирзо сўзларига кўра, она Ватаннинг ранг баранг тарихи ва тақдирини ўрганиб ва айниқса, ўтмиш аждодларимизнинг қалби муҳрланган халқ амалий санъати ва гўзал миниатюра меросимизни ўзлаштирибгина миллий санъат яратиш мумкин.