Блог 2013
Автор: admin

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни нашр этиш чора-тадбирлари тўғрисида

01.06.2018 | Рубрика:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

 ф а р м о й и ш и

1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида кўп миллатли Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтди.

Ўша ғоят оғир ва суронли даврда юртимиз фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди, бу ердаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилиб, уларнинг фаолияти фронт эҳтиёжлари учун йўналтирилди. Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни тиклашда фуқароларимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этди.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этди.

Афсуски, Ўзбекистон халқининг бу қонли уруш даврида фронтда ва фронт ортида кечган оғир ва машаққатли ҳаёти, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ўзида ҳар томонлама акс эттирадиган яхлит илмий-тарихий китоб ёки ҳужжатлар тўплами шу пайтга қадар яратилмаган. Уруш йилларида халқимиз томонидан амалга оширилган буюк ишларни, унинг кучли ирода ва қаҳрамонлигини, ўша давр ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни ватанпарварлик ва жасорат руҳида тарбиялаш борасида бундай манбалар ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Халқимизнинг 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини тарихий ҳужжатлар асосида кўрсатиш, фашизмга қарши жангларда қатнашган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, ёш авлодни мардлик, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзархив” агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда кенг жамоатчиликнинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ушбу тарихий воқеанинг 2020 йилда нишонланадиган 75 йиллигига бағишланган китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистон халқининг қўшган муносиб ҳиссасига бағишланган китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб юритилади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи кўрсатган мардлик ва жасорат, эл-юртимизнинг ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида тарихий ҳақиқатни тиклаш ва уни келгуси авлодларга етказиш;

республика ва хорижий мамлакатлардаги архив ва музейларда сақланаётган мавзуга оид тарихий ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимиздан уларнинг хотираларини ёзиб олиш, шахсий альбом ва кутубхоналарида сақланаётган тарихий материалларни тўплаш;

аҳолининг шахсий кутубхоналарида сақланаётган, тарихий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, ўша даврга оид ноёб суратларни тўплаш ва нашрга тайёрлаш;

уруш йилларида Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи, юртимизга кўчириб келтирилган ҳамда янги қурилган завод ва фабрикалар ҳақида маълумотлар йиғиш;

халқимиз томонидан уруш даврида Ўзбекистонга эвакуация қилинган инсонларга, шу жумладан, ота-онасиз болаларга кўрсатилган меҳр-мурувватни, юртдошларимизнинг инсонпарварлик фазилатларини акс эттириш;

уруш даврида фронтда қатнашган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган, ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган юртдошларимизга бугунги кунда давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборни аниқ далиллар, факт ва рақамлар орқали кўрсатиш.

4. Ташкилий қўмитага китоб-альбомни юқори савияда тайёрлаш ва нашр этиш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ва мутахассисларини, экспертларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки, китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш билан боғлиқ барча харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги китоб-альбомни нашр этиш билан боғлиқ харажатлар ва унинг нархини Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги билан белгиланган тартибда келишган ҳолда тасдиқласин.

7. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси                                  Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

 Тошкент шаҳри,

2018 йил 31 май