Блог 2013
Автор: admin

Истедод соҳибаси халқаро эътирофга сазовор бўлди

29.11.2017 | Рубрика:
IMG_9638

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, айниқса, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Бунинг натижасида келажагимиз эгалари нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам катта ютуқларни қўлга киритиб, эътирофга сазовор бўлмоқдалар.

Кўрсатилаётган шундай ғамхўрлик самараси ўлароқ бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчиларнинг ҳам халқаро миқёсдаги турли танлов ва фестивалларда иштирок этиб, зафар қучиши анъанага айланган.

Ушбу санъат мактаб-интернатида 4-синфда ўқиётган, тенгдошлари орасида тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги ва иқтидори билан ажралиб турадиган Муслима Комилова тасвирий санъатда ўз қобилиятини қисқа фурсатда намоён эта олди. Устозлар сабоғини юқори савияда ўзлаштирган ҳолда мактабдаги кўрик-имтихонларда аъло баҳоларни қўлга киритиб келмоқда.

Kamilova Muslima

Бунинг натижаси ўлароқ яқинда Словенияда бўлиб ўтган халқаро ёш мўйқалам соҳиблари танловида ижтимоий тармоқ орқали иштирок этиб ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. Муслима мазкур танловда ўзининг ватанпарварлик туйғуси йўғрилган ҳамда ўзбек элининг буюк ўтмиши, маданияти ва урф-одатлари акс этган “Халқимнинг миллий либослари ва фольклор рақслари” номли асари билан қатнашди.

IMG_20171122_191333

Суратда ўзбекона нақшинкор гилам ва пояндозлар тўшалган дала шийпони саҳнасида ўзбек раққосалари завқ билан рақс тушаётгани,  созандалар миллий чолғуларда мусиқа ижро қилаётгани юксак дид билан ифодаланган. Шийпоннинг орқа фонида Ўзбекистоннинг гўзал ва бетакрор табиати ўрин олган.

Қизалоқ ўзи каби беғубор ушбу ижод намунаси орқали танлов иштирокчиларига ўзбек юрти буюк тамаддун бешиги эканлигини яна бир бор намоён қилди. Зеро, Муслиманинг юксак эътирофга лойиқ топилиши бунинг яққол исботидир.