Блог 2013
Автор: admin

Иқбол Илҳомовнинг шахсий кўргазмаси

12.01.2018 | Рубрика:
ikuo-hirayama-gallery1

2018 йилнинг 11 январь куни соат 11.00да Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида 14 – Январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган ҳарбий – рассом Иқбол Илҳомовнинг “Бу менинг Ватанимдир!” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Кўргазмада рассомнинг Она – Ватанимизнинг сўлим гўшалари, тарихий обидалари акс этган 31та асарлари намойиш қилинди.Ватанига сидқидилдан хизмат қилиб, унинг ҳар қаричини муқаддас билиш, уни кўз қорачиғидек асраш – ўзбек ўғлонларининг муқаддас бурчидир.

SONY DSC

SONY DSC

SONY DSC

Бугун бизнинг Миллий Армиямиз кучи ва қудрати билан дунёга танилиб бормоқда. Мард ва ботир ўғлонларимиз жаннатмакон юртимиз – Ўзбекистонни ёвуз кучлардан асраб, тинчлик ва осойишталикни сақлаб келишмоқда. Ҳарбийларимиз ўз бурчларини адо этиш билан бирга, санъат ва ижодда самарали меҳнат қилиб келишади. Ўзи ҳарбий бўлса-да, рассомликка бўлган иштиёқ подполковник Иқбол Илҳомовни доимо чорлаб келган.

SONY DSC

SONY DSC

SONY DSC

SONY DSC

Илҳомов Иқболжон Сиддиқович – 1968 йил 30 июль куни Фарғона вилояти Бешариқ туманининг Ҳапалак қишлоғида туғилган.1983 йилда Қўқон Давлат санъат билим юртига ўқишга кириб, 1987 йилда “Бадиий безаш” мутахассислиги бўйича тамомлади.1987 йил Тошкентдаги Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтининг “Рассомчилик” факультетига ўқишга кириб, 1994 йилда “Маҳобатли рангтасвир мусаввири” дипломига эга бўлди.1988 – 1989 йиллар Приморский ўлкасида муддатли ҳарбий хизматни ўтади.1994 йил Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида “рассом-безакчи” бўлиб ишлади.1995 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Марказий офицерлар уйида “Безакчи рассом” бўлиб ишлади ва шу йилдан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида рассомлик фаолиятини давом эттирди.1998 йил Тошкент Олий умумқўшин командирлар билим юртидаги офицерлар тайёрлаш курсини тамомлаб, офицерлик унвонига эга бўлди.1996 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтади. Ҳарбий унвони подполковник, заҳирадаги офицер.

Ижодий фолияти:

Рассом Иқбол Илҳомовнинг ижоди ватанпарварлик руҳида суғорилган. У яратган “Тоғ йўли”, “Боғда баҳор”, “Бурчмулла” каби асарлари табиатнинг гўзаллигига қиёс бўлса, “Бухоро кўчалари”, “Чинор. Лаби – Ҳовуз”, “Хива” каби ишлари орқали юртимизнинг тарихий обидаларини, одамларининг яшаш тарзи ва машғуллигини тасвирлаган.

1999 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Ҳарбий хизмат билан бирга Иқболжон ижодда тинмай меҳнат қилди. Бир нечта шахсий кўргазмалар ўтказди.

2003 йилда Ўзбекистон Халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев уй-музейида шахсий рангтасвир асарлари кўргазмасини ташкил этди.

2004 йилда Ўзбекистон Давлат санъат музейида ташкил қилинган шахсий кўргазмасида 80 дан ортиқ асарларини намойиш этди.

Рассом Иқбол Илҳомов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар музейида ўтказилган бир неча кўргазмалар қатнашчиси ва танловлар ғолиби бўлган.

2005 йилда Амир Темур жамғармаси томонидан ўтказилган конкурсда

I даражали диплом билан тақдирланган.

Рассом Иқболжон Илҳомовнинг асарлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси, Ўзбекистон Давлат санъат музейи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари музейи, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида сақланиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 12 январь куни рассомнинг портрет жанридаги асарлари Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида намойиш қилинади.

“Бу менинг Ватанимдир” номли кўргазма шу йилнинг 18 январигача давом этади.