Блог 2013
Автор: admin

“Эски шаҳар”нинг ижодий сафари

01.03.2018 | Рубрика:

“Эски шаҳар” Екатеринбургда “Икки мусаввир-икки нигоҳ” кўргазмасини тақдим этди.

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, жонажон серқуёш юртимизга, нуроний отахону ва онахонларга чексиз эҳтиром туйғуларини ёрқин тасвирлар воситасида ифодалайдиган рангтасвирчи рассом Дилором Мамедовани мухтасар қилиб миллий урф-одатларимиз куйчиси, дейиш мумкин. Бугунги кунда минглаб мухлисларга эга, Республика ва қатор халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаган ғайратли ва сермаҳсул ижодкорнинг асарлари Ўзбекистон давлат санъат музейи, Москвадаги “Никор” музейида, шунингдек Германия, Швейцария, Англия, Япония, Россия, Туркия, Австралия, Ҳиндистон, Хитой, Исроил ва АҚШ сингари давлатлардаги коллекцияларда сақланмоқда.
Мусаввир мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун 2017 йилда “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

“Эски шаҳар”нинг яна бир аъзоси Дилмурод Йўлдошев академик реализм йўналишида ижод қиладиган истеъдодли рассомдир. Мусаввир  мўйқаламда юртимиз жамолини тасвирлайди, ўз асарларида она табиатимизнинг жозибасини мадҳ этиб, бетакрор  манзарасини акс эттиради.

Таъкидлаш керакки, 2017 йил гуруҳ учун самарали кечди. Ўтган йил давомида “Эски шаҳар”  республика ва қатор хорижий тадбирларда иштирок этди, жумладан,  Россиянинг Челябинск шаҳрида “Эски шаҳар”нинг  “Уч нигоҳ ” номли кўргазмаси намойиш этилган бўлса, Хитойда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада гуруҳ фахрли 3 ўринга муносиб топилган эди.

photo_2018-02-05_23-00-42photo_2018-02-13_12-02-45photo_2018-02-13_12-02-55

Шу йилнинг январь ойида эса ушбу таниқли ижодкорлар  бу гал Россия Федерациясининг Свердловск области, Екатеринбург шаҳрида ижодий сафарда бўлиб қайтди. Сафар доирасида мусаввирларнинг “Икки мусаввир-икки нигоҳ” номли  кўргазмаси тақдим этилди, ижодий тажриба алмашиш, маҳорат сабоқлари ташкил қилинди.

photo_2018-02-13_12-03-45photo_2018-02-13_12-03-54

Россия ва ўзбек мусаввирларининг ижодий ҳамкорлигида яна бир саҳифа очган мазкур ижодий сафар ҳамда унинг доирасида ўтказилган тадбирлар Россия оммавий ахборот воситаларида атрофлича ёритилди.

photo_2018-02-13_12-01-59photo_2018-02-13_12-13-32