Блог 2013
Автор: admin

Япон оригамиси

11.07.2018 | Рубрика:
1531125926

Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи ҳар йили ёз мавсумида мактаб ўқувчиларининг бўш вақтларини унумли ўтказиш, уларни санъатга қизиқтириш, турли мамлакатлар маданияти ва санъати билан яқиндан таништириш мақсадида пойтахтимизнинг кўплаб мактабларида ташкил қилинган ёзги болалар соғломлаштириш майдончаси ва болалар дам олиш оромгоҳларида япон оригамиси, кириэ ва расм чизиш бўйича маҳорат ошириш дарсларини ўтказиб келади. Ҳар йили 30 дан ортиқ мактабларда бундай маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда.

Оригами – “бирон шаклда тузилган қоғоз” деган маънони англатиб, қоғозларда қадимги санъат жамланади. Оригами санъати илдизи қадимги Хитойга бориб тақалади. Оригамидан авваламбор, диний маросимларда фойдаланилган. Ушбу санъат тури узоқ вақт олий табақа вакиллари доирасида мавжуд эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин оригами Шарқ мамлакатларига тарқалди, сўнг эса Америка ва Европа, жумладан, қаерда ўзининг ихлосмандлари бўлса, ўша жойларга кириб борди.

Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб, оригами бутун дунёда кенг тарқала бошлади, киригами қўшилгач эса, янада оммалашди. Ҳозирги пайтда оригами халқаро санъат турларидан бири ҳисобланади.

1531125872

Жорий йилнинг 3 июль куни Халқаро маданият карвон саройи ходимлари Яккасарой туманидаги 160–сонли мактабда бўлишди. Бир неча йиллардан бери марказ ва мактаб ҳамкорлигида япон оригамиси бўйича маҳорат ошириш дарслари ўтказилиб келинади. Бу йилги маҳорат ошириш дарсларида ҳам болажонлар рангли қоғоздан ҳеч қандай елим ва қайчисиз буклама шакллар, турли хил ҳайвонлар, кийимлар, гуллар ясашга ҳаракат қилишди. Японларнинг бу санъат тури инсонни чидамли, сабр – тоқатли бўлишга, фикрлашга ўргатади. Маҳорат дарсларини ХМКС ходимларидан У. Ҳакимова ва А. Велиева олиб борди.

1531125905

5 июль куни “Япон оригамиси” Яккасарой туманидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказида ташкил қилинди. Бу марказда болалар  вақтни унумли ўтказиш, санъатнинг бирон турига қатнашиш орқали ўз билимларини ошириб боришади. Турли тўгарак аъзоларининг оригамига қизиқиши катта. Шу боис ҳам бу марказда ХМКС ходимлари ҳар ҳафта маҳорат дарсларини олиб боришади. Маҳорат дарсларини ХМКС ходимларидан У. Ҳакимова ва А. Велиева ўтказди.

1531125892

6 июль куни Яккасарой туманидаги 144 – сонли мактабда ташкил қилинган болаларни соғломлаштириш майдончасида ХМКС кўргазма зали мудири Г. Саодатова япон оригамиси бўйича маҳорат дарсини олиб борди. Бу йил 4 – синфга ўтган бу болажонларнинг ҳар бири ўзга бир дунё. Ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш учун мана шу майдончада ҳар куни болалар ҳар хил машғулотлар билан банд бўлишади. Япон оригамисини улар аввал умуман ясаб кўришмаган экан. Шу боис ҳам улардаги қизиқиш мана шундай ажойиб “балиқча” ясашига сабаб бўлди.

1531125926