Блог 2013
Автор: admin

Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари сони 12 нафарга ортди

13.03.2018 | Рубрика:

Шу йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинган янги аъзоларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Аввал хабар қилинганидек,Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2017 йил 21 сентябрда Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолигига ўтказилган сайловда фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларнинг овозлари асосида янги академикликка 44 нафар номзоддан 12 нафари сайланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида ЎзБАнинг янги ҳақиқий аъзолари рўйхати тасдиқланди. 

_MG_7972 IMG_7749
Шу кунга қадар, Ўзбекистон Бадиий академияси таркибида 27 нафар академик фаолият юритиб келаётган эди. Эндиликда улар сафидан график рассом Анвар Мамажонов, рангтасвирчи рассомлар – Сарсенбой Бойбўсинов, Ғофур Қодиров, Аслиддин Исаев, Файзуллахон Аҳмадалиев, Бахтиёр Назаров, Иван Салпинкиди, шунингдек, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Нигора Аҳмедова, ҳайкалтарош Марина Бородина, архитектор-наққош Анвар Илҳомов, уста-рассом Сирожиддин Раҳматиллаев, ганчкор уста Мансуржон Муродов ўрин олди.

IMG_7844IMG_7975

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Бадиий академиянинг тасдиқланган ҳақиқий аъзоларининг фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш, унга кўра янги академикларнинг ижодий, илмий-педагогик йўналишларда фаолият юритиши, иқтидорли болаларни тарбиялаш ва жамоатчиликка таништириб боришда ташаббус кўрсатиш, халқаро кўргазмаларда Ўзбекистон санъати миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, тарихий ва замонавий ўзбек амалий санъатини республикада ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, халқаро маданий алоқаларни ривожлантиришда фаол иштирок этишлари назарда тутилган.

IMG_8086
Ўзбекистон Бадиий академияси мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тантанали тадбирда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини янада ривожлантириш, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш учун барча шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Тадбирда Бадиий академиянинг янги ҳақиқий аъзоларига диплом ва гувоҳномалар топширилди.