Блог 2013
Автор: admin

Ўзбекистон графика санъати: кеча, бугун, эртага

06.03.2018 | Рубрика:

Ўзбекистон Бадиий академияси “Санъат” журнали  ташаббуси билан шу йил 5 март куни  Тошкент фотосуратлар уйида “Ўзбекистон графика санъати:кеча, бугун, эртага” номли давра суҳбати ўтказилди.

Санъатшунос олимлар ҳамда етакчи график рассомлар иштирок этган мазкур давра суҳбатидан кўзланган мақсад графика санъатининг бугунги аҳволи, бу санъат тури олдида турган долзарб муаммолар, турли технологик масалаларни атрофлича ўрганиш ҳамда графиканинг истиқболи хусусида фикр-мулоҳазалар алмашишдан иборат эди.

IMG_7154

Давра суҳбатининг модератори, академик, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов графика санъатининг ўзбек тасвирий санъатида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида тўхталиб, соҳада йиғилиб қолган муаммолар ва улар ечимига оид аниқ таклифларни ўртага ташлаган ҳолда фикр алмашишни таклиф этди.

IMG_7142IMG_7140

Суҳбат давомида санъатшунослик фанлари доктори Н.Аҳмедова, санъатшунос Л.Кодзаева, график рассомлар — Р.Азизов, А.Калонов, А.Мамаджанов, А.Ли, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти педагоглари, П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежи ўқитувчиларининг чиқишлари тингланди.

IMG_7136 IMG_7146 IMG_7164

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси “Графика” шўъбаси раиси Радик Азизов бугунги кунда графика санъати олдида турган қатор масалалар, яъни технологик жараён билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмас экан, график санъатининг ксилография, офорт, литография ва бошқа турлари йўқолиши эҳтимоли борлигини айтиб ўтди.

График рассом Анвар Мамаджанов китоб графикаси ва плакат санъатининг бугунги ҳаётимиздан секин-аста йўқолаётганлигини, нашриётлар график рассомлар билан ижодий муносабатларни йўлга қўймаганлигини таъкидлаб ўтди. Графика санъатининг кейинги ривожи учун аввало, ижодий база зарурлиги, керакли ускуналарни бир жойга тўплаган ҳолда, коллеж ва институт талабалари ижодий салоҳиятини оширишга аҳамият бериб, графика санъатининг йўқолиш олдида турган турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини айтиб ўтди.

IMG_7157 IMG_7169

Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов ижодий базани шакллантириш учун имкониятлар мавжудлигни таъкидлаб, бугунги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти балансига олиб берилган ҳайкалтарошлик цехидан графика санъатини ривожи йўлида унумли фойдаланиш мумкинлигини, айни пайтда график рассомларнинг ўзлари ҳам ташаббускор бўлишлари, соҳа учун зарур жиҳозлар, технологик ускуналар ҳақида тўлиқ маълумотни тақдим этишларини сўради.