Блог 2013
Автор: admin

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ РАССОМИ БАҲОДИР ЖАЛОЛОВ 70 ЁШГА ТЎЛДИ.

28.05.2018 | Рубрика:

Ўзбекистон халқ рассоми, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофотининг совриндори, замонавий рангтасвир санъати ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган Баҳодир Жалолов 1948 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йили П. П. Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртини, 1974 йилда эса И.Е. Репин номидаги Санкт-Петербург рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморлик институтининг безатиш монументал факултетини тамомлайди. Ёшлик йилларида портрет санъатининг устаси Абдулҳақ Абдуллаевдан таълим олади.

images (1)

Ижодкор яратган портретларда юксак маҳорат кўзга аниқ ташланиб туради. Унинг ижодидаги туйғулар уйғунлиги томошабинни ўзига маҳлиё этади. Хусусан, «Рақснинг туғилиши» композицияси ўзбек раққосаларини улуғлабгина қолмасдан, уларга бўлган самимий ҳурмат ва муҳаббатни намоён қилганини кўрамиз.

333
Баҳодир Жалолов портрет санъатида кўп ютуқларга эришди. Унинг тўлақонли асарларида ўзбек халқининг севимли фарзандлари сиймоси ўз ифодасини топган. Бу ўринда, айниқса, академик рассом Ўрол Тансиқбоев, буюк олим, академик Воҳид Зоҳидов, санъатнинг машҳур дарғалари Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Муҳиддин Раҳимов, Ҳамро Раҳимова, Акром Тошканбоев, Дамир Рўзибоев каби улуғлар сиймоси сўзимизга мисолдир. Рассом инсон шахсини доимо ўрганишга, уни ҳар томонлама ҳис қилишга интилади. Дарҳақиқат, юқорида кўрганимиздек Баҳодир Жалолов ижодий фаолиятининг асосий кўлами инсонлар образига, яъни портретлар яратишга қаратилган. 

images (2) Без названия
Тасвирий санъатда у киши ўз рангин оламини янгидан янги жилолар билан тобора бойитиб келмоқда.
Баҳодир Жалолов эришган етукликнинг яна бир жиҳати шундаки, у Шарқ ва Ғарб анъаналарини ўзлаштириб, ана шу анъаналардаги муштаракликни топиб, уни юзага чиқаришга муваффақ бўла олган рассомдир. Шунинг учун рассом ўзининг монументал паннолари билан дунёнинг илғор давлатларида ҳашаматли сарой ва биноларни безатиб келмоқда.
Дарҳақиқат, рассом кенг тафаккурли ижодкор сифатида одам, олам, коинот сирларини ўрганишга интилади.

бimages
Баҳодир Жалолов Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов портретини яратиш бўйича 2017 йилда ўтказилган ижодий танлов ғолиби ҳам бўлди.
— «Қаҳрамон», «Янги кунни ардоқлаб», «Муҳаббатдан юксак муҳаббат йўқ», «Ёруғликнинг тун билан кураши» ва «Ўзи билан ўзи юзма-юз» деб номланган чизмаларимда мустақиллик йилларида Ислом Каримов ва халқимиз босиб ўтган шарафли йўлни фалсафий тасвирлашга уриндим — дейди ижодкор.

Таниқли мусаввирни муборак ёши билан самимий табриклаймиз ва ижодига равнақ тилаб қоламиз.