preloder
Barcha yangiliklarga qaytish

Академик Файзулла Аҳмадалиев 70 ёшга тўлди

12 июнь “Дўстлик” ордени соҳиби ( 2012 й.), Ўзбекистон Бадиий академияси ҳақиқий аъзоси (2018 й.) Файзуллахон Аҳмадалиев таваллуд топган кун. Рассом 70 ёшга тўлди.

Рассом баъзида томошабинга сўфизмга йўғрилган ўз асарларини шарқона гилам, сўзана, жойпўш, дастурхон, рўмол каби ҳошияланган шакл ичида тақдим этади. Халқ хотирасида мустаҳкам ўрин олган ва миллат хазинасига айланган, ўзбекнинг яшаш тарзига сингиб кетган бундай унсурлар азал- азалдан унинг ризқу рўзи, насибаси, тақдири ва қисмати, хаёлоти ва орзу армонлари тимсоллари бўлиб келган. Томошабин қалбига ана шу йўл билан киришга интилган рассом энди унга малол келтирмайдиган тарзда ўз фалсафасини тақдим этади.

Замонавий рангтасвирнинг бугунги талаблари фақат шакл ва ранглар ўйинидан иборат эмас. Туйғулар сочмаси ва маъно касб этишга улгурмайдиган унсурларнинг мафтункорлиги, дунёга янгича нигоҳ билан қарашга бошлайдиган чексиз муҳити ҳам муҳим. Ана шу мақомда Файзулла Аҳмадалиевнинг йўли ниҳоятда замонавий ва самимийдир. У қурган рангтасвир маконида миллатнинг хотираси ва этномаданият афзаллиги намоён. Бундай нигоҳ бугунги кунда оммавий маданият деб аталувчи таҳдиднинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Матолардаги рангтасвирдан таралган наволар тасаввурларингизни мана шундай кенгайтиради, маънавиятингизни янада қувватлантиради. Яратилган ҳар қандай ижод намунаси маънавиятга мансуб эканлигига иқрор бўласиз. Ана шунинг учун ҳам рассомнинг рангтасвир олами нафас олади, жонланади, мусаффо ва ёруғ хаёлларга чорлайди.

Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси фурсатдан фойдаланиб устоз рассомни ҳаётидаги муҳим кун – таваллуд айёми билан муборакбод этиб, мустаҳкам соғлиқ, ижодий илҳом тилайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.