loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Академия” галереясида навбатдаги кўргазма

Куни кеча Бадиий академиянинг “Академия” галереяси муҳташам зали Ўзбекистонниг замонавий тасвирий санъатида аёл образи мавзусига бағишланган “Минг бир пари гўзаллиги” деб номланган баҳор вернисажига ўз эшикларини очмоқда. Кўргазмада таниқли ва ёш рассомларнинг элликдан ортиқ рангтасвир ва ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма мазмун жиҳатдан ранг-баранг тус олди. Унда замонавий санъатнинг реализм, нео-фолк, романтик символизм, абстракт санъат каби йўналишлари ўрин эгаллаган.

Аёл образи азал-азалдан ижод аҳлини ўзига ром этиб келган. Мазкур мавзуга мурожаат ижодкорнинг яшаган даври, ҳудуди, қайси миллатга мансублигига боғлиқ бўлмаган ҳолларда намоён бўлиб келган. Аёл гўзаллиги ва тароватини шоиру мусиқачилар тараннум этиб келишган, файласуфлар уларга алоҳида рисолаларини бағишлашган, тарихчилар эса уларда маъбудалардаги илоҳий кучни ёки аксинча, аксарият муаммоларни улар билан боғлаб, ёвузликни кўришган. Шундай бўлсада, ҳақиқат шуки, Аёл ҳилқати қайси қиёфада намоён бўлмасин, ҳеч кимни ва на ҳеч бир даврни бефарқ қолдирмаган, жумладан ўрта асрлар инквизициясини ҳам.

Момо Ҳаво, Гера, Артемида, Венера, Клеопатра ва Юдифлар, Тўмарис ва Роксаналар….. Бу исмлар ва улар билан боғлиқ воқеликларда аёл образининг азалий моҳияти – маҳбуба, малика, жозибадор ва жангчи аёл тушунчалари яширинган. Бугунги замонавий аёл қиёфасида ҳам ушбу қаҳрамонлар ўз аксини топган. Биргина аёлга бағишланган шунчалар кўп номлар ва эпитетлар… Камтарин, латофатли, нафосатли, маъшуқа, аёл, дугона, она……

Кўргазма ташкилотчилари юқорида келтирилган барча аёллик фазилатлари эътиборингизга ҳавола этилаётган кўргазмада намойиш этилган асарларда ўз аксини топганига умид билдирадилар.

Экспозицияда таниқли ва тажрибали рассомлар билан бир қаторда, бугунги кунда ўзининг ижодий йўлини топишга улгурган ёш ижодкорлар асарлари ҳам мавжуд. Жумладан, катта авлод вакиллари А.Тюрин, Х.Зияханов, Г.Қодиров, А.Ли, Ф.Ахмадалиев, Н.Орипова ва бошқаларнинг асарлари ўрин эгаллаган. Шунингдек, Т. Фадеева, Ш. Абдумаликов, В.Хапов, Ш.Абдуллаева, У.Ражабов, Т. Рахметов, М. Ли Сафи ва бошқа кўпгина рассомларнинг асарлари жуда гўзал тарзда намойиш этилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.