loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Асрлар кўзгуси

«Академия» галереясининг гўзал зали мамлакат маданий ҳаётидаги қизиқарли ва аҳамиятли воқеага ўз эшикларини очди. Тарих ва санъат ихлосмандлари халқ рассоми, академик, профессор, буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг ажойиб сиймоларини яратган Малик Набиевнинг бетакрор асарлари билан яқиндан танишишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан 2021 йил 3 майда тасдиқланган Чора-тадбирлар Режасига мувофиқ, ўзбек тасвирий санъатининг етук вакили, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев таваллудининг 105 йиллиги нишонланмоқда.

 

Профессор, қатор давлат мукофотлари лауреати, буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг мукаммал образларини яратган Малик Набиев  1916 йилда Тошкентда дунёга келди.  1958 йилдан умрининг охирига қадар Низомий номидаги Tошкент давлат педагогика университетида иқтидорли ёшларнинг бир нечта авлодига тасвирий санъат сир-асрорларидан сабоқ берди.

Малик Набиев ижоди мустақиллик йилларида янада гуллади, ўзбек халқининг буюк фарзандлари – Бобур, Фитрат, Усмон Носирнинг гўзал портретларини яратди. Рассом томонидан 1994 йилда ишланган соҳибқирон Амир Темур портрети нафақат тасвирий санъатимизда, балки мамлакатимиз маданий ҳаётида улкан воқеа бўлгани, шубҳасиз.

 

Рассомнинг юртимиз атоқли тарихий шахслари, фан ва маданиятимиз арбоблари, фидойи замондошлар қиёфалари акс этган  картиналари кенг жамоатчилик томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди. M.Набиевнинг “Спитамен қўзғолони”, “Абу Райҳон Беруний портрети”, «Тамарахоним», «Чўпон», “Доктор Махмудова портрети”, «Қурувчи» каби асарлари шулар жумласидандир.

M.Набиев Европа, Осиё ва Американинг 40 дан ортиқ мамлакатларида бўлди, дунёга машҳур бошқа мусаввирларнинг ёрқин асарлари сақланадиган энг машҳур музей ва кўргазма залларини, меъморий обидаларни ўз кўзлари билан кўрди. Жаҳон санъатининг турли йўналишларини ўрганган ҳолда, реализм анъаналарига содиқ қолди. Унинг Ҳиндистон, Куба, Шри-Ланка, Индонезияга ташрифи таассуротидан яратилган, кейинчалик кўргазмаларда тақдим этилган эскиз ва тайёр картиналари ана шундан далолат беради.

Малик Набиевдан ўзбек тасвирий санъатини бойитадиган улкан ижодий мерос қолди, тарбиялаган шогирдлари бугунги кунда муваффақиятли ижод қилиб келишмоқда. Ёш ижодкорлар ундан ўрганиши мумкин бўлган асосий хислатлардан бири – бу меҳнаткашлик ва ўз ишига синчковлик билан ёндашишдир.

Рассом хонадонида ўрнатилган, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Оллоберган Оллоберганов яратган меморий ёдгорлик давлатимиз раҳбариятининг рассом ижодий фаолиятига муносиб баҳоси ва хотирасига ҳурмат-эҳтиромидан далолатдир.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ушбу санага қизғин тайёргарлик кўрилди.

22 ноябрь куни Бадиий академияда  “Ўзбекистон тасвирий санъати ривожида Малик Набиев ижодининг ўрни ва аҳамияти” номли илмий-амалий конференция, “Академия” галереясида “Асрлар кўзгуси” номли шахсий кўргазма бўлиб ўтади.

Кўргазмада санъат ихлосмандлари, юртдошларимиз буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг ажойиб сиймоларини яратган Малик Набиевнинг 50 дан ортиқ бетакрор асарларидан баҳраманд бўладилар.

Кўргазма шу йил 6 декабрга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.