loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ватан тараққиётига менинг ҳиссам

Бугун 21 май куни Ўзбекистон Бадий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти,  Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5040-сон Қарорининг 6-иловаси 13-банди ижросини таъминлаш мақсадида Бадиий академиянинг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га бағишланган “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида “Композиция” номли I Ёш ижодкорлар Форуми ўтказилди.

“Композиция” номли I ёш ижодкорлар Форуми ижодкор ёшлар “Ўзбекистон халқ рассоми” фахрий унвони соҳиби, ёш ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ҳамда маданият, санъат ва спорт мутахассисликлари бўйича 2020/2021 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳиби, ёш рангтасвирчи рассом Гулноз Жалоловаларнинг “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ташкил   этилган кўргазмасининг тантанали очилиш маросими билан бошланди.

2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб – қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бизнинг энг устувор вазифамиз улкан мақсадларни белгилаш ва уларга эришиш учун ваколатли ёшларни яратиш бўлиши керак. Шундагина болаларимиз халқимизнинг азалий орзуларини амалга оширадиган ҳақиқий кучга айланади”. “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ташкил   этилган кўргазмада ёш ҳайкалтарош Жасвант Анназаровнинг турли мавзудаги ҳайкалтарошлик ижодий ишлари ҳамда умидли ёш рассомлардан бири К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 2-босқич магистранти Гулноз Жалолованинг 30дан ортиқ турли мавзудаги рангтасвир ишлари намойиш қилинди.

Жасвант Анназаров. 2001 йилдан Ж.Анназаров шаҳар, республика ва халқаро ҳалкалтарошлик танлови ва кўргазмаларида иштирок этиб келмоқда. У 2001 йили “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” танлови ғолиби бўлди. 2003 йили “Чегаралар” номли республика кўргазмасида биринчи ўринни эгаллади. 2006 йили “Навқирон Ўзбекистон” фестивалида “Дебют” номинацияси совриндори бўлди, 2007 йили Қоҳира (Миср)да бўлиб ўтган “Ўзбек рассомлари кўргазмаси”да иштирок этди.

2009 йилда Жасвантнинг асарлари МДҲ давлатлари инсонпарварлик ҳамкорлиги халқаро жамғармаси ҳомийлигида Россия Бадиий Академияси томонидан ташкил этилган ёш ҳайкалтарошлар симпозиумида намойиш этилди.

Ж.Анназаров мис, тош, пластилин, бронза, ёғоч каби материаллар билан ишлайди. Ҳайкаллар учун этник, мифологик ва тарихий мавзуни танлайди, лекин асосан классик анъаналар ва янги технологиялардан фойдаланиб, портрет ва композициялар ишлайди. Унинг “Нил қирғоғи” (2007), “Гўрўғли” (2012), “Марварид эгаси” (2012), “Хоразмлик портрети” (2012) каби асарлари диққатга сазовор.

2012-2015, 2017-2019 йиллар оралиғида К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Ҳайкалтарошлик” кафедраси ўқитувчиси сифатида фаолият юритган.

2015 йили “Эътироф” мукофотининг “Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши номинацияси соҳиби.

2017 йил “Шуҳрат медали билан тақдирланган.

2017 йили Тошкентда Махтумқули Фироғий ва Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалини, Адиблар хиёбони учун Эркин Воҳидов ҳайкалини яратган.

 2019 йили Франция пойтахти Париж яқинидаги Рюэй-Мальмезон шаҳрида тиббиёт илми асосчисининг Абу Али ибн Синонинг яна бир улуғвор ҳайкали Ж.Анназаров муаллифлигида қад ростлади.

Ҳайкалтарош  2020 йил Адиблар хиёбонида ўрнатилган Муқимий ҳайкали муаллифидир.

Унинг сўнгги ижодий иши 2020 йилда Ғалаба боғида қад ростлаган бир нечта гуруҳли композициялардир. Биринчи композицияни Норбоев Баҳром билан ҳаммуаллифликда яратилган бўлиб, унда Зулфия Зокирова ҳамда унинг келинлари ўзбек аёлининг сабру саботи, садоқати, иродаси, матонати ва жасоратининг ёрқин тимсоли сифатида яратилган.

– Уруш четлаб ўтган хонадоннинг ўзи топилмайди юртимизда, – деди ушбу ижодий иш муаллифи, ҳайкалтарош Жасвантбек Анназаров. – Бу устун-стеллаларни яратишда уларни ўзбек хонадонларидаги токчаларга қиёслашга ҳаракат қилдик. Устунлар ён тарафдан фронтдан келган учбурчак тахламли хатларни ҳам ифодалайди. Ҳар бир устун тепасида тишланган нон урушдан қайтмаган ўғилларга ишора. Шу ернинг ўзида хатлардан парчалар ҳам келтирилган. Уларда жангчи ўғилларнинг Ватани, онаси, яқинлари, оиласини соғингани, барвақт кўз юмган отасини эслагани, фарзандларига айтган гаплари битилган.

Иккинчи композиция “Мангу жасорат” деб номланиб, унда Собир Раҳимов ва 14 та уруш қаҳрамонларининг ансамбль ҳайкаллари яратилган.

Ҳозирги кунда Ж.Анназаров мамлакатимизнинг етакчи ҳайкалтарошларидандир. У турли республика ва халқаро кўргазмалари фаол иштирокчиси.

Гулноз Жалолова. Гулноз ёшлигидан тасвирий санъатга иштиёқи баландлиги боис мактаб давриданоқ Бухоро тасвирий ва амалий санъат мактаб – интернатида таҳсил олди. Бу ерда устозларидан расм чизиш сирларини ўргана бошлади. Ёшлигиданоқ жуда кўплаб кўрик – танловлар иштирокчиси ва ғолибига айланди. Жумладан, “Санъат ғунчалари (Янги авлод)”, “Юрт келажаги” каби танловларда ғолибликни қўлга киритди.
Гулноздаги иқтидор ва иштиёқ уни Республика Дизайн коллежига олиб келди. У 3 йил мобайнида коллежда ҳам рассомлик сирларини чуқурроқ ўзлаштира бошлади. Коллеж ёш рассом учун ҳақиқий ижод даври бўлди, десак янглишмаймиз. Устози Ш. Тўрахоновнинг кўрсатмалари билан тасвирий санъат соҳасида катта ютуқларга эришди.
Гулноз Жалолова К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Тасвирий санъат” факультетини тамомлади. Устозлари С. Рахметов ва Д. Азизовлардан таҳсил олди.

Ҳозирда эса ёш рассом институтнинг “Кино ва телефильмнинг ечими” мутахассислиги бўйича магистратуранинг 2-босқичида таҳсил олмоқда. Устозлари  Ш. Абдумаликов ва И.Нашуровлардан кино ва телефильмда тасвирий санъатнинг ўрни борасидаги билимларини бойитиб бормоқда.

Серғайрат, изланувчан ёшлардан бири бўлган бу ёш рассом жуда кўп республика ва халқаро танлов ҳамда кўргазмаларда иштирок этган. Ҳар йили Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ўтказиладиган “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”да фаол қатнашиб диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. 2018 йилда эса ушбу Фестивалнинг “Олтин медали” ни қўлга киритди.

2020 йилнинг декабрь ойида Испаниянинг халқаро “Dali’s Mustache” онлайн танловининг икки босқичли Супер финалида ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, фахрли 1-ўрин – “Олтин диплом” соҳибаси бўлди(100дан 98балл).

Москва шаҳрида ўтказилган халқаро “New year planet – 2020” фестивалида қатнашди ва 1-ўрин лауреати бўлди.

2020 йил Гулноз Жалолова тасвирий санъатда эришган ютуқлари ва иқтидори инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмасининг “Ёшлар” шўъбасига аъзоликка қабул қилинди.

Ёш рассом санъатнинг кўпроқ рангтасвир йўналишида ижод қилади. Гулноз табиатни жуда яхши кўради. Унинг асарларида юртимизнинг гўзаллиги, табиат уйғониши ва фасллар ўзгариши кўпроқ жойни эгаллайди. Унинг “Хумсон сойлари”, “Ноябрь сўнгги”, “Куз”, “Баҳор гуллари”, “Қор” каби асарлари бунга мисол бўла олади.

Шахсий кўргазмалари:

2014 йил – Республика Дизайн коллежида “Баҳорий ҳислар” номли шахсий кўргазмаси;

2020 йил март – К. Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Мен” номли шахсий кўргазмаси;

2020 йил июнь – “Ранглар таровати” номли шахсий кўргазмаси;

2021 йил – Халқаро маданият карвон саройида “Рангли тушлар” номли шахсий кўргазмаси.

“Композиция” номли I ёш ижодкорлар Форуми доирасида “Тасвирий санъатда композиция ва унинг замонавий муаммолари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Шу билан бирга, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Саньат тарихи ва назарияси кафедраси 4-босқич талабасининг “Тасвирий санъатда авангард усули” мавзусидаги чиқиши.

Шунингдек, тадбир давомида журналист-сценарист Борис Бабаевнинг “Авангард. Бўшлиқ. Вақт” номли ҳужжатли фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.