loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Дунё нигоҳидаги мерос

Ҳеч қайси бир миллат санъатини камситмаган ҳолда муболағасиз айтиш мумкинки, ўзбек рассомларининг ижод намуналари ғоят мукаммаллиги, бетакрор бадиияти, тасвир, ранг, оҳангнинг ўзига хос нафосати билан дунёда устуворлик касб этади.
 
Мамлакатимизда ўтказилган кўргазмалар, тасвирий санъат ҳафталиклари, танловлар, ижодий фестивалларда бунга ҳар сафар ишонч ҳосил қилганмиз.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрель куни қабул қилган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир қўшимча-чора тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафис санъатни янада равнақ топтириш, мўйқалам соҳиблари, уста ва ҳунармандларнинг изланиши учун кенг имкониятлар яратиш йўлида янги истиқболларни очиши шубҳасиз.
 
Қадимий китоблар, миллий миниатюра санъати акс этган асарларни варақлаган китобхон борки, мусаввир боболаримизнинг чизгию тасвирларидан кўз узолмай қолиши тайин. Такрор бўлса ҳам айтиш жоизки, бошқа халқлар мўйқалам соҳибларининг ишлари билан солиштирганда, бу тафовут янада яққолроқ кўзга ташланади.
 
Шубҳасизки, тасвирий санъатдаги бу ижодий анъаналар миллий миниатюра санъатимиз дарғаси Камолиддин Беҳзод ижоди, унинг бой маънавий, илмий мероси билан узвий боғлиқдир.
 
Беҳзод Шарқ миниатюра мактабининг асосчиси сифатида жаҳон эътироф этган шахсдир. Тарихчи олимларнинг фикрича, Камолиддин Беҳзод ғоят бой ва баракали ижод қилиб, ранг-баранг, бетакрор, ажойиб тасвирий асарларни мерос қолдирган. У Шарқ тасвирий санъатини жанр, мавзу, ғоявий йўналиши, тузилиши, ранглар уйғунлиги, шакл ва воқеалар мутаносиблиги жиҳатдан янги тараққиёт чўққисига олиб чиққани манбаларда келтирилган.
 
Шарқ миниатюра санъатига ҳаққонийлик, ҳаётийлик олиб кирган бобокалонимизнинг ижодини, меросини ҳар қанча ўргансак, тарғиб этсак оз. Зеро, Беҳзод асарлари наинки Европанинг номдор рассомлари ижодига туртки берган, балки ҳали ҳамон дунё санъатшунослари, манбашунослари, тарихчилари, мўйқалам аҳли, нафис санъат мухлисларини ҳайратга солмоқда, ўрганилмоқда, янги-янги ижодий изланишларга туртки бермоқда. Негаки, Беҳзод ижоди адабиёт, санъат, тарих, хаттотлик, манбашунослик, мусиқа каби соҳалар билан чамбарчас боғлиқдир. Илмий жамоатчилик эътиборини тортган бир қатор дурдона асарлар, нодир китобларни моҳир мусаввир аждодимизнинг нафис чизгилари безаб тургани қалбимизга фахр бағишлайди.
 
Санъатшунослар Беҳзоднинг миллий рассомчилигимизда портрет жанрининг бошловчиси ва устаси сифатида ном қозонганини, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдуллоҳ Ҳотифий, Султон Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон каби тарихий шахслар сиймоси айнан унинг мўйқалами туфайлигина бизгача етиб келганини алоҳида эътироф этадилар.
 
Юқорида номи келтирилган қарор самараси ўлароқ, Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини муносиб тарзда нишонлаш, санъатимизни миллий анъаналар билан бойитиш, уни янада равнақ топтириш, бадиий таълим сифатини тобора юксалтириш, бу борадаги изланиш ва тадқиқотларга кенг йўл очиш, ижодкорларни рағбатлантириш учун янги имкониятлар очиши шубҳасиз.
 
Буларнинг барчаси миллий санъатимиз, маданият, маънавият ва маърифат масалалари ҳар қандай шароитда ҳам давлатимиз раҳбарининг эътибори ва эъзозида эканининг амалий ифодасидир.
 
 
Назокат УСМОНОВА, ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.