loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Зулфия”чи Моҳинур билан учрашув

11 март куни Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг тадбирлар залида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Моҳинур Жалолова билан учрашув бўлиб ўтди.

Жорий йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган қизлар орасида П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг 11-синф ўқувчиси Моҳинур Жалолова ҳам бор. “Зулфия” мукофотини олиш ўз-ўзидан бўлмаган. Бунинг учун Моҳинур тинмай ўқиб, изланиб, ўзининг иқтидорини бутун республикага кўрсата билди.

Тадбирни мазкур ихтисослаштирилган мактаб директори У.Ҳакимов очиб берди.  — Бугунги кунда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш борасида давлатимиз раҳбарияти томонидан улкан ишлар амалга оширилмоқда. “Зулфия” мукофотига сазовор бўлган ёш қизлар орасида таълим масканимиз ўқувчилари борлиги биз учун шарафдир. Шуни мамнуният билан айтаманки, 2013 ва 2016 йилларда ҳам ўқувчиларимиз ушбу мукофотга сазовор бўлишгани фахрланиш ҳиссини уйғотади, — деди У.Ҳакимов.

— Президентимиз томонидан илгари сурилган «Янги Ўзбекистонни албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади», деган ташаббус биз ёшларни янада руҳлантирмоқда, янги марралар сари ундамоқда. Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганим замирида ота-онам, ҳурматли устоз-мураббийларимнниг шижоатли меҳнати ҳам турибди. Ёшларга алоҳида қалб қўри билан ғамхўрлик қилаётган Президентимиздан миннатдорман. Келажакда ўз ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи учун хизмат қилиш мен учун асосий вазифа бўлиб қолади, — дейди Моҳинур.

Тадбир давомида Моҳинурнинг онаси Зуҳра Саидова ҳам сўзга чиқиб, бирон бир ютуққа эришиш учун тинмай мехнат қилиш, ўз орзусига эришиш йўлида қатъий олға интилиш лозимлигини айтиб ўтди ва мактаб жамоасига ўз ташаккурини билдирди.

Тадбир сўнгида мактаб директори У.Хакимов Давлат мукофоти совриндори М.Жалоловани мактаб номидан ташаккурнома ва қимматбахо эсталик совғаси билан табриклади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.